Норвегиянинг йирик энергетика компанияси киберҳужумга учради
Норвегиянинг “Equinor” энергетика компанияси айрим ахборот технологиялари тизимларига киберҳужум уюштирилганини маълум қилди.
“Anadolu” ахборот агентлиги ёзишича, Европанинг йирик табиий газ етказиб берувчиларидан бири ҳисобланган компания киберҳужум аниқланиши билан тегишли давлат органларини хабардор қилган.
Компания баёнотида таъкидланишича, ҳужумни бартараф этиш ва зарар кўрган тизимлар фаолиятини тўлиқ тиклаш учун барча зарур чоралар кўрилмоқда. Дастлабки текширувларда маълумотлар ўғирланганига оид белгилар аниқланмаган.
Компания мутахассислари киберҳужум қандай амалга оширилгани ва қайси тизимларга таъсир кўрсатганини аниқлашда муайян натижаларга эришган. Ҳодиса компьютер вируси билан боғлиқ эмаслиги ва зарарли дастур тарқалиши хавфи йўқлиги билдирилган.
Киберҳужум нефть ва газ қазиб олиш жараёнларига таъсир кўрсатмаган. Айни пайтда ахборот тизимларини тиклаш ишлари Норвегиянинг миллий хавфсизлик органлари билан ҳамкорликда давом эттирилмоқда.
А.Маматов, ЎзА