Очиқлик, инновация ва ҳамкорлик: Осиё-Тинч океани минтақаси тараққиётининг янги кун тартиби
Осиё-Тинч океани минтақаси жаҳон иқтисодиётининг муҳим марказларидан бири сифатида халқаро савдо, инвестиция ва технологик ҳамкорликда тобора катта ўрин тутмоқда. Минтақадаги иқтисодий салоҳиятдан самарали фойдаланиш, янги бозорлар ва ҳамкорлик имкониятларини кенгайтириш эса бугунги куннинг долзарб вазифаларидан. Шэньчжэнь шаҳрида бўлиб ўтган АТЭСнинг 2026 йилги бизнес саммитида ҳам айнан шу масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
18 ноябрь куни Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин мазкур саммитнинг очилиш маросимида иштирок этиб, “Осиё-Тинч океани минтақасининг ёрқин келажаги сари қатъият билан олға” мавзусидаги асосий маърузасини тақдим этди.
Унда таъкидланганидек, бугунги кунда жаҳон иқтисодиётида ўсиш суръатларининг сустлиги, бир томонлама ёндашувлар ва протекционистик сиёсатнинг кучайиши халқаро иқтисодий муносабатларга таъсир кўрсатмоқда. Шу билан бирга, глобал савдонинг ўсиши давом этаётгани, янги технологиялар соҳасидаги ютуқлар эса иқтисодий тараққиёт манзарасини ўзгартираётгани қайд этилди.
Си Цзиньпиннинг фикрича, бундай шароитда очиқликни ёки ёпиқликни, ҳамкорликни ёки ажралишни, янгиланишни ёки эски ёндашувларга содиқ қолишни танлаш масаласи замоннинг муҳим саволларидан бирига айланмоқда. У АТЭС ташкилоти иқтисодий глобаллашув жараёнлари билан ҳамоҳанг шаклланганини таъкидлаб, минтақада умумий тараққиёт ва фаровонликка хизмат қиладиган ҳамжамиятни барпо этиш учун барча ҳамкорларни биргаликда ҳаракат қилишга чақирди.
Шу мақсадда Хитой раҳбари минтақавий ҳамкорликнинг тўртта устувор йўналишини илгари сурди. Жумладан, тинчлик ва барқарорликни сақлаш, очиқ савдо ва инвестиция муҳитини ривожлантириш, илмий-технологик инновацияларни иқтисодий ўсиш омилига айлантириш ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорлик кўламини кенгайтириш зарурлигига эътибор қаратди.
Хусусан, Жаҳон савдо ташкилоти марказий ўрин тутадиган, умумий қоидаларга асосланган кўп томонлама савдо тизимини қўллаб-қувватлаш, эркин савдо ва инвестиция учун қулай шароит яратиш, халқаро ишлаб чиқариш ва таъминот занжирларининг барқарор ишлашини таъминлаш муҳимлиги қайд этилди. Шунингдек, Осиё-Тинч океани эркин савдо ҳудудини шакллантириш жараёнини изчил давом эттириш минтақавий иқтисодий интеграцияни чуқурлаштиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Технологик тараққиёт масаласи ҳам нутқнинг муҳим йўналишларидан бири бўлди. Рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект, илмий-техник ҳамкорлик ва яшил иқтисодиётга ўтиш жараёнлари минтақада янги ўсиш имкониятларини юзага чиқариши мумкин. Шу боис инновацион салоҳиятни ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларига кенг жорий этиш, илғор технологиялардан самарали фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.

Маърузада иқтисодий ўсиш натижалари барча мамлакатлар ва аҳоли қатламлари учун манфаат келтириши лозимлигига ҳам алоҳида урғу берилди. Савдо ва инвестиция тўсиқларини камайтириш, ривожланишдаги фарқларни ҳисобга олиш, самарадорлик билан ижтимоий адолат ўртасидаги мувозанатни таъминлаш минтақавий ҳамкорликнинг муҳим шарти сифатида кўрсатилди.
Шу ўринда Хитой томонидан Жаҳон кўрфаз ҳудудлари иқтисодий ҳамкорлиги лигасини ташкил этиш ташаббуси ҳам илгари сурилди. Ушбу тузилма орқали дунёдаги йирик кўрфаз ҳудудлари ўртасида алоқаларни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш ва иқтисодий ҳамкорликнинг янги имкониятларини излаш кўзда тутилмоқда.
Саммитда Хитой иқтисодиётининг бугунги ҳолати ва мамлакатнинг келгуси тараққиёт режалари ҳам тақдим этилди. Си Цзиньпиннинг маълум қилишича, 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида Хитой иқтисодиёти 4,6 фоиз ўсган. Мамлакатда янги сифатли ишлаб чиқариш кучларини ривожлантириш, саноатни модернизация қилиш, яшил ва кам углеродли иқтисодиётга ўтиш жараёнлари изчил давом этмоқда.
Хитойнинг ўн бешинчи беш йиллик ижтимоий-иқтисодий ривожланиш режаси нафақат мамлакатнинг ички тараққиёт дастури, балки Осиё-Тинч океани минтақаси ва бутун дунё иқтисодиёти учун ҳам янги ҳамкорлик имкониятларини очувчи ҳужжат сифатида тақдим этилди.
Хитой раҳбари халқаро бизнес вакиллари учун учта муҳим имкониятга эътибор қаратди. Биринчиси – мамлакатнинг улкан истеъмол бозорига кириш. Дунёдаги иккинчи йирик истеъмол бозори бўлган Хитойда аҳолининг харид қобилияти, инвестиция ва истеъмол салоҳияти юқори экани таъкидланди. Мамлакат сифатли хорижий маҳсулот ва хизматлар импортини кенгайтириш, халқаро ишлаб чиқарувчиларнинг маҳаллий бозорга киришини осонлаштириш ниятида.
Иккинчи йўналиш илғор технологиялар ва саноат кооперацияси билан боғлиқ. Хитой анъанавий тармоқларни модернизация қилиш, янги саноат йўналишларини ривожлантириш, келажак технологияларига асосланган соҳаларни шакллантириш орқали хорижий компаниялар учун ҳам янги имкониятлар яратишни мақсад қилган.
Учинчи йўналиш эса халқаро ҳамкорлик учун барқарор ва олдиндан прогноз қилиш мумкин бўлган ишбилармонлик муҳитини таъминлашдир. Си Цзиньпин мамлакат халқаро савдо қоидаларини қўллаб-қувватлаш, бозорга кириш имкониятларини кенгайтириш, хизматлар соҳасини изчил очиш ва хорижий инвесторлар учун қулай шарт-шароитларни такомиллаштиришга интилишини билдирди.

Умуман, Шэньчжэнь саммитида илгари сурилган ташаббуслар Осиё-Тинч океани минтақасида иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш, инновацион тараққиётни рағбатлантириш ва халқаро бизнес алоқаларини кенгайтириш масалалари кун тартибининг марказида турганини кўрсатди. Хитой томонининг ёндашуви эса мамлакатнинг ўз иқтисодий ривожланиш устуворликларини минтақавий ва глобал ҳамкорлик имкониятлари билан боғлашга интилаётганини намоён этди.
Саммитда Чили Президенти Хосе Антонио Каст, Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим ҳамда бошқа расмий шахслар иштирок этди.
Нилуфар Бозорова, ЎзА