Туркиялик мутахассислар тамаки чекишга қарши курашиш бўйича илғор тажрибаларини тақдим этди
Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Отабек Имамов Туркия делегацияси билан учрашиб, тиббиёт соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболдаги режаларни муҳокама қилди. Мулоқотда ихтисослашган тиббий хизмат сифатини ошириш, кадрлар тайёрлаш, тиббий таълим ва менежментни ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳалар, шунингдек, орфан касалликларини эрта аниқлаш, беморларни рўйхатга олиш ва зарур дори воситалари билан таъминлаш масалалари кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, юқумли бўлмаган касалликларга қарши курашиш, скрининг ва диспансер кузатувини такомиллаштириш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш юзасидан фикр алмашилди. Туркия томони нотўғри овқатланиш, камҳаракатлик ва тамаки чекишга қарши курашиш, шунингдек, клиник қарорлар қабул қилишда сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича илғор тажрибаларини тақдим этди. Якунда устувор йўналишларда амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқишга келишиб олинди.
***
Пойтахтимизда Миллий тиббиёт маркази ҳамда Германиянинг Эссен университети неврология клиникаси ҳамкорлигида “Ўзбекистон – Германия: функционал неврология ва нейрохирургия соҳасида ривожланиш, такомиллашув ва ҳамкорлик” мавзусида икки кунлик халқаро илмий-амалий форум бўлиб ўтмоқда. Анжуманда маҳаллий ва германиялик етакчи мутахассислар иштирок этяпти.
Форум давомида Паркинсон касаллиги ва эпилепсияни эрта аниқлаш, ҳар бир беморга мос даволаш усулини танлаш ҳамда замонавий нейрожарроҳлик амалиётларини қўллаш имкониятлари атрофлича муҳокама қилинмоқда.
***
Эмлаш орқали олдини олиш мумкин бўлган касалликлар бўйича эпидемиологик кузатувни такомиллаштиришга қаратилган лойиҳа доирасида ўтказилган тренингда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ҳамда Наманган, Тошкент, Самарқанд, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларининг иммунопрофилактика ва вирусология лабораториялари шифокорлари иштирок этди. Машғулотларда сероэпидемиологик тадқиқотларнинг мақсади ва дизайни, аҳоли гуруҳларини танлаш ҳамда серологик лаборатория текширувлари усуллари ва уларнинг сифатини назорат қилиш масалалари батафсил ёритилди.
Назарий билимлар гуруҳлардаги муҳокамалар ва амалий топшириқлар орқали мустаҳкамланди — қатнашчилар анкета ва лаборатория маълумотларини бирлаштириш, натижаларни умумлаштириш ҳамда таҳлил қилиш бўйича машқларни бажарди. Тренинг якунида иштирокчиларнинг ўзлаштирган билимлари баҳоланди, фикр-мулоҳаза ва таклифлари тингланди ҳамда уларга сертификатлар топширилди.
***
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 мартдаги тегишли фармонига мувофиқ, 2028 йил 1 январдан бошлаб биологик фаол қўшимчаларга (БФҚ) рухсатнома беришда HACCP (ХАССП) тизими талабларини қўллаш белгиланган. Мазкур талаблар ижросига тайёргарлик доирасида Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги мутахассислари томонидан «Dr. Mardon» МЧЖ корхонасида навбатдаги ўрганиш ўтказилиб, ишлаб чиқариш инфратузилмаси, санитария-гигиена ҳолати ҳамда хомашё ва тайёр маҳсулот сифатини назорат қилиш тизими баҳоланди.
Ўрганиш натижасида аниқланган камчиликлар ва такомиллаштирилиши лозим бўлган йўналишлар юзасидан корхона масъулларига тегишли тавсия ҳамда амалий кўрсатмалар берилди. Шунингдек, ишлаб чиқариш жараёнларини белгиланган талабларга мувофиқлаштириш, HACCP тизимини жорий этиш ва ички назорат механизмларини кучайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА