Тиббиёт: кадрлар тайёрлаш сифати юқори босқичга кўтарилади
Бугунги кунда тиббиёт соҳасида замонавий билим ва мустаҳкам амалий кўникмаларга эга, малакали мутахассисларни тайёрлаш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. Шу жиҳатдан Андижонда ўтказилган “Дуал таълим тизими: Ўзбекистон ва Германия кўприги. Дуал таълимни ташкил этиш бўйича Андижон тажрибаси” мавзусидаги халқаро анжуман алоҳида аҳамият касб этди.
Мазкур анжуман хорижий тажрибаларни ўрганиш, таълим ва амалиёт интеграциясини кучайтириш ҳамда тиббий кадрлар тайёрлаш сифатини янги босқичга олиб чиқишда муҳим бир қадам бўлди.
Анжуман доирасида Германия давлатидан ташриф буюрган мутасадди ва мутахассислар, юртимиз олий ўқув юртлари ректорлари институтимиз клиникаси, замонавий ўқув биносида талабаларнинг пухта билим олиши, амалий кўникмаларини бойитиши учун яратилган кенг имкониятлар билан яқиндан танишди.
Бугунги тиббий таълимда асосий ёндашув - назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлашга қаратилган. Яъни, таълим жараёнининг 50 фоизи назарий билим, 50 фоизи амалий машғулотлардан иборат бўлиши муҳим ҳисобланади.
Институтимиз клиникасининг ҳар бир бўлимида 10 тадан аудитория ташкил этилган. Клиникада амалга оширилаётган амалиётлар телемедицина технологиялари орқали аудиторияларга тўғридан-тўғри узатилади. Бу талабаларга реал клиник жараёнларни кузатиш ва тажрибали мутахассислар фаолиятини ўрганиш имконини беради.
Шунингдек, 2 минг ўринли ўқув биносида ташкил этилган симуляция ва аттестация маркази ҳам замонавий технологиялар билан жиҳозланган. Марказдаги олтинчи авлод робот-симуляторлари ҳақиқий беморларга хос реакцияларни намоён этади ҳамда талабалар томонидан қўллаган муолажа ва даволаш усулларини баҳолайди. Сунъий интеллектга асосланган виртуал дастурлар эса мураккаб клиник вазиятларни хавфсиз муҳитда ўрганиш имконини яратади.
Ҳозирда институтимизда бакалавриат босқичида ўнта таълим йўналиши бўйича кадрлар тайёрланмоқда. Жорий ўқув йилида таҳсил олаётган 13 минг нафардан зиёд талабаларнинг 1 минг 980 нафарини битирувчилар ташкил этади. Битирувчиларимиз, умуман, барча талабаларимизнинг ихтисослик йўналишлари бўйича вилоятдаги турли тиббий муассасаларда дуал таълим асосида амалий машғулотлар ўташи йўлга қўйилган. Бир сўз билан айтганда, талабаларимиз назарий ва амалий билимларни бирдек эгаллаб бормоқда.
Бизнинг асосий мақсадимиз, шунчаки дипломли мутахассис тайёрлаш эмас, балки мустақил фикрлайдиган, замонавий технологияларни пухта эгаллаган, назарий билимларини амалиётда қўллай оладиган малакали шифокорларни тайёрлашдир.
Германия тажрибаси билан уйғунлашган Андижон тажрибаси асосида ривожланаётган дуал таълим тизими келгусида тиббиёт кадрларини тайёрлаш сифатини янада юқори босқичга кўтаради. Бу борада бугун талабалар учун яратилаётган замонавий имкониятлар эртага халқимиз саломатлиги йўлида хизмат қиладиган етук мутахассисларнинг камол топишига мустаҳкам замин яратади.
Мадаминжон Мадазимов,
Андижон давлат тиббиёт институти ректори, профессор.
ЎзА