"Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳияти ҳақидаги тасаввурларимиз янада кенгайди"
Туркиялик инвестор фикри
Пойтахтимиздаги Халқаро конгресс марказида 19 ноябрь куни Ўзбекистон – Туркия бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича юқори даражадаги кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтказилган тадбирда Туркия делегациясига кенгаш ҳамраиси, вице-президент Жавдат Йилмаз бошчилик қилди.
Йиғилишда «яшил» энергетика, мисни чуқур қайта ишлаш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш ҳамда «Янги Тошкент» лойиҳасида Туркия компанияларининг иштироки муҳокама қилинди.
– Биз Ўзбекистоннинг имкониятлари, бозор талаби ва тадбиркорлик муҳитини диққат билан кузатиб боряпмиз, – дейди Туркиянинг «Abdi İbrahim İlaç» фармацевтика компанияси вакили Кўксал Улген. – Амалга оширилаётган ислоҳотлар, иқтисодиёт тармоқларидаги ўзгаришлар ва инвестициявий салоҳият таҳсинга лойиқ.
Айниқса, соғлиқни сақлаш соҳасидаги янги ташаббуслар ва илмий тадқиқотлар бизда катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу эса мамлакатнинг инвестициявий имкониятлари ҳақидаги тасаввурларимизни янада кенгайтирди. Ўрганишларимиз шуни кўрсатдики, бу ерда узоқ муддатли ва стратегик сармоя киритиш учун барча шароит мавжуд.
Шу боис Ўзбекистон бозорида ўз ўрнимизни топиш ва истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ниятидамиз. Хусусан, техник хизмат кўрсатиш, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва бошқарув тизимларини такомиллаштириш йўналишларида фаолият юритишни режалаштиряпмиз. Маҳаллий ҳамкорлар билан манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда узоқ муддатли шериклик муносабатларини шакллантиришни устувор вазифа деб биламиз.
Видеоси қуйида:
Абдулазиз РУСТАМОВ,
Ёқубжон МЕЛИБОЕВ (видео),
ЎзА