Аллергия мавсуми: замонавий ташхис ва даволашнинг янги усуллари
Ҳозир айни аллергия мавсуми. Бу даврда кўпчиликда аксириш, бурун битиши ёки кўз ёшланиши каби нохуш аломатлар кузатилади. Умуман олганда, мутахассислар аллергик касалликларни бежизга XXI аср пандемияси деб айтишмайди. Статистик маълумотларга кўра, бугун дунёда ҳар учинчи одам у ёки бу аллергик хасталикдан азият чекади.
Юртимизда ҳам бундай беморлар сони йил сайин ортиб бормоқда. Шу боис Президентимиз ташаббуси билан аллергология хизматини такомиллаштириш, бу турдаги касалликларни эрта аниқлаш ва даволашнинг замонавий усулларини амалиётга жорий этишга катта эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 23 ноябрдаги «Аллергик касалликларнинг олдини олиш ва даволаш сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан ушбу йўналишни янада такомиллаштириш бўйича қатор муҳим вазифалар белгилаб берилган эди. Пойтахтимизда бўлиб ўтган Ўзбекистон аллергологлари ва клиник иммунологларининг VI халқаро конгрессида ана шу вазифалар ижроси доирасида эришилган натижалар, шунингдек, аллергологиядаги сўнгги глобал тенденциялар муҳокамалар марказида бўлди. Анжуман юртимиз мутахассислари билан бир қаторда Россия, Туркия, Қозоғистон, Австрия ва Бельгия каби давлатлардан ташриф буюрган етакчи олим ва экспертларни бир жойга жамлади.

Қайд этилганидек, сўнгги йилларда юртимизда аллергология соҳасида муҳим ютуқларга эришилмоқда. Хусусан, Республика ихтисослаштирилган аллергология ва клиник иммунология илмий-амалий тиббиёт марказида минтақамизда илк бор ари заҳри асосида тайёрланган махсус иммунотерапия препарати ёрдамида даволашнинг янги усули йўлга қўйилди.
– Охирги беш йил ичида соҳага доир иккита Президент қарори қабул қилинди. Мана шу ҳужжатларнинг ижроси натижасида ҳозирги кунда биз энг ривожланган Европа давлатлари билан бир хил ташхис қўя оламиз, – деди Республика ихтисослаштирилган аллергология ва клиник иммунология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Илмира Разикова. – Биз, аллергология ва клиник иммунология мутахассислари, жойларда, туманларда, давлатимиз раҳбарининг топшириқлари билан бирламчи звено шифокорларини аллергология муаммоларига ўқитиб, уларни анафилактик шок, бронхиал астманинг оғир турларида ёрдам кўрсата оладиган даражада тайёрладик.
Ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни ривожлантириш борасидаги ишлар ҳудудларда ҳам изчил давом эттирилмоқда. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг топшириғига мувофиқ, Нукус шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси ҳамда қатор бирламчи тиббиёт муассасалари қошида аллергия ва астма мактаблари ташкил этилди. Уларда аллергик касалликларни эрта аниқлашнинг замонавий усуллари жорий қилиниб, беморлар махсус текширувлардан ўтказилмоқда.
Миллий аллергология хизматидаги бу каби ижобий ўзгаришлар, замонавий диагностика ва даволаш имкониятларининг кенгайиб бораётгани халқаро миқёсда ҳам юксак эътироф этилмоқда. Хусусан, ўтган йили Республика ихтисослаштирилган аллергология ва клиник иммунология илмий-амалий тиббиёт марказига ISO халқаро сертификатлари топширилди.
– Ўзбекистонда аллергология хизмати юқори даражада ташкил этилган, – деди Россия “Иммунология институти” давлат илмий маркази аллергология ва тери иммунопатологияси бўлими мудири Елена Феденко. – Бу ерга хориждан ҳам беморлар маслаҳат олиш ва даволаниш учун ташриф буюради. Юртингизда аллергология соҳасида илмий салоҳият ва амалий ишлар даражаси йилдан-йилга юксалиб бораётганига гувоҳ бўляпман. Умид қиламанки, ўзбекистонлик ҳамкасбларим, шунингдек, бошқа мамлакатлар мутахассислари билан узоқ муддатли ва самарали ҳамкорлигимиз бундан кейин ҳам мустаҳкамланиб боради.
Анжуман давомида бронхиал астма, дори воситаларига аллергия, атопик дерматит ва иммун тизими билан боғлиқ бошқа касалликларни ташхислаш ҳамда даволашнинг замонавий усулларига алоҳида эътибор қаратилди. Молекуляр аллергодиагностика, беморнинг индивидуал хусусиятларига асосланган даволаш ва иммунологияни индивидуаллаштириш усуллари ҳамда турли йўналишдаги мутахассисларнинг ўзаро ҳамкорлиги масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Икки кун давом этган тадбир доирасида маҳорат дарслари ҳам ташкил этилди. Улар доирасида маҳаллий мутахассислар аллергологиядаги илғор ёндашувлар билан танишиб, хорижий экспертлар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш юзасидан фикр алмашди.
Мазкур халқаро конгресс соҳадаги илғор тажрибани ўрганиш, янги ёндашувларни амалиётга татбиқ этиш ва мутахассислар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун муҳим майдон бўлди. Энг муҳими, бундай илмий-амалий анжуманлар мамлакатимизда аллергология хизматини янги босқичга олиб чиқиб, аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада юксалтиради.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА