Туркиядан янги авиақатновлар Ўзбекистон ҳудудларига сайёҳларни жалб этиш имкониятларини кенгайтиради
Ўзбекистон халқаро авиақатновларни ривожлантириш ва ҳудудларнинг туристик салоҳиятини тарғиб қилиш орқали хорижий сайёҳларни жалб этиш имкониятларини кенгайтирмоқда.
Жорий йилнинг декабрь ойидаёқ Бухоро ва Андижонга Истанбулдан янги тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилади. 2027-йил март ойидан эса Термиз билан ҳам шундай авиаалоқани йўлга қўйиш режалаштирилган. Бу мамлакатимизнинг тарихий ва маданий марказларини Европа, Яқин Шарқ ва бошқа хорижий бозорлардан келувчи саёҳатчилар учун янада қулай ва очиқ қилади.
Янги йўналишлар Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Пегасус Аирлинес авиакомпанияси тақдимотида таништирилди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси вакиллари ҳам иштирок этди. Тақдимот мамлакат ҳудудлари билан халқаро авиақатновларни кенгайтириш ҳамда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги сайёҳлик оқимини ривожлантириш истиқболларига бағишланди.
Авиақатновларни ривожлантириш масаласи Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққуловнинг Истанбул шаҳрида Пегасус Аирлинес директорлар кенгаши раиси Меҳмет Тевфик Нане билан яқинда ўтказган музокараларининг асосий йўналишларидан бири бўлди. Томонлар Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини хорижий бозорларда биргаликда тарғиб қилиш ва янги авиақатновларга хорижий сайёҳларни жалб этиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Учрашув якунида Ўзбекистоннинг бешта шаҳрига амалга ошириладиган авиақатновларга сайёҳларни жалб этиш мақсадида қўшма реклама кампанияларини назарда тутувчи ҳамкорлик битимини имзолаш бўйича дастлабки келишувга эришилди.
Зиёвуддин Нуриддинов, Дониёр Якубов,
Салимжон Обиджонов, ЎзА