"Trend" агентлиги Ўзбекистондаги туризм инвестициялари ва янги имтиёзлар ҳақида ёзди
Озарбайжоннинг "Trend" ахборот агентлиги Ўзбекистонда туризм соҳасига инвестициялар жалб этиш, янги сайёҳлик ҳудудларини ўзлаштириш ҳамда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган мақола эълон қилди.
Нашрда Президент Шавкат Мирзиёевнинг 20 ноябрь куни Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги “Олтин бел” сайёҳлик мажмуасида инвестор ва тадбиркорлар билан ўтказган учрашувида белгиланган вазифаларга алоҳида эътибор қаратилган.
Мақолада туризм соҳасидаги инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш, ҳудудларда янги сайёҳлик масканларини ташкил этиш ва соҳа вакиллари учун қўшимча имкониятлар яратиш масалалари ёритилган. Жумладан, шакллантирилган 11 миллиард долларлик туризм лойиҳалари бўйича бир ой ичида амалий ишларни бошлаш, шунингдек, янги лойиҳалар учун қўшимча ер майдонларини тайёрлаш вазифаси қайд этилган.
“Trend” агентлиги меҳмонхона қурилиши учун имтиёзли молиялаштириш, ер ва мол-мулк солиғи бўйича енгилликларнинг узайтирилиши, хорижий сайёҳларга хизмат кўрсатувчи туроператорлар учун солиқ имкониятлари ва имтиёзлари жорий этилиши каби чораларга ҳам тўхталган.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг туризмни ривожлантириш стратегиясида белгиланган мақсадлар, хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш, туризмнинг мамлакат иқтисодиётидаги улушини ошириш ва хизматлар экспортини кенгайтириш режалари келтирилган.
Мақолада 25–27 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказиладиган биринчи халқаро туризм инвестиция форумига ҳам алоҳида ўрин берилган. Форум доирасида ҳудудларнинг сайёҳлик салоҳиятини намоён этиш ва янги инвестиция келишувларига эришиш масалалари муҳокама қилинади.
Дилшод ҲАКИМОВ,
ЎзА