Япониядан Ўзбекистонга мактаб туризми йўлга қўйилади
Ўзбекистон Республикасининг Япониядаги элчихонасида кун чиқар юртнинг йирик сайёҳлик корхоналаридан бири – “Tobu Top Tours Co., Ltd.” вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Мулоқотдан кўзланган мақсад – ушбу давлатда юртимизни янги таълим ва саёҳат йўналиши сифатида тарғиб қилиш, япон мактаблари ўқувчилари учун диёримизга саёҳат уюштириш ташаббусини илгари суриш.
Музокарада компаниянинг Таълим туризми маркетинг ва сотиш департаменти менежери Кацужи Намба, Токио таълим туризми филиали раҳбари Нанами Сато ҳамда “All Season Travel Co., Ltd.” туроператорлиги жамоаси директори Ясуки Ямамото иштирок этди.
Суҳбат давомида Япониядан мамлакатимизга сайёҳлар оқимини тезлаштириш, хизмат турини кўпайтириш, шунингдек юртимиз тарихий-маданий мероси, миллий анъаналари ва замонавий ҳаётини қамраб олган янги йўналишлар шакллантириш масаласи муҳокама қилинди.
Кун тартибида маҳаллий мактаблари учун республикамизга таълим саёҳатлари ташкил этиш алоҳида йўналиши сифатида кўриб чиқилди.
Японияда ўқувчиларнинг хорижга саёҳати таълим жараёнининг муҳим қисми ҳисобланади. Бундай сафарлар ёшларни бошқа халқлар тарихи, маданияти ва турмуш тарзи билан таништиради, уларнинг дунёқараши ва халқаро мулоқот кўникмасини кенгайтиришга хизмат қилади.
Таълим вазирлиги маълумотига кўра, 2025 ўқув йилида 709 мактабдан 70 000 ўқувчи дунёнинг 29 мамлакатига таълим саёҳатини амалга оширган. Демак, япон мактаб туризми бозорида Ўзбекистон учун ҳам имконият мавжуд. Айни йўналишдаги ҳамкорликнинг дастлабки тажрибаси сифатида 2025 йил 19-25 март кунлари Осака шаҳридаги “Seikyo Gakuen” мактаби 50 ўқувчи ва ўқитувчисидан иборат гуруҳнинг ўлкамизга ташрифини эслаш мумкин. Ўшанда ёш японлар Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб, мамлакатимизнинг бой тарихий мероси, меъморий обидалари, маданияти ва миллий таомлари билан танишган. Маҳаллий тенгдошлари билан мулоқот қилиб, юртимиз ҳақида бой тасаввурга эга бўлган.
Япон томони таъкидлаганидек, компания ҳозирга қадар АҚШ, Австралия ва Жанубий Кореяга мунтазам таълим саёҳати ташкил этиб келади. Энди Ўзбекистон ҳам ушбу йўналишлар қаторига киритилади.
Компания вакиллари фикрича, Буюк Ипак йўли тарихидаги муҳим ўрни, ноёб меъморий мероси, бой маданияти ва япон сайёҳлари орасида хавфсиз саёҳат манзили сифатидаги обрўси мамлакатимизни ёш авлод учун ҳам жозибадор манзилга айлантирган.
– Ҳозирга қадар Ўзбекистонга асосан кекса японлар келган, – деди Нанами Сато. – Агар ўқувчилар учун саёҳат муваффақиятли йўлга қўйилса, мамлакатингиз ҳақидаги ижобий тасаввур ёшларимиз орасида ҳам шаклланади. Шу тариқа сайёҳлар доираси янада кенгаяди.

Учрашув давомида 2027 йил Токио шаҳридаги икки мактабдан жами 130 ўғил-қизни диёримизга саёҳатга олиб келиш бўйича келишувга эришилди: 50 нафар бошланғич синф боласи сентябрь ойида олти кунга келади, юқори синфларда таҳсил олаётган 80 ўқувчи учун эса саккиз кунлик дастур ишлаб чиқилади. Лойиҳа Тошкент ва Самарқанд шаҳарлари ҳамда бошқа ҳудудлардаги диққатга сазовор жойларни қамраб олади.
Ҳамкорлик кўламини кенгайтириш мақсадида 2026 йил декабрь ойида Токио шаҳридаги икки мактабда элчихона ва туроператор иштирокида Ватанимизнинг туристик салоҳиятига бағишланган тақдимот семинари ўтказиш режалаштирилган. Шунингдек, келаси йил биринчи чоракда Токио шаҳридаги 30 га яқин мактаб директорлари учун республикамизга таништирув саёҳати ташкил этилади. Ташриф давомида кун чиқар юрт таълим муассасалари раҳбарларига мамлакатимизнинг тарихий-маданий объектлари, сайёҳлик инфратузилмаси ва саёҳат учун хавфсиз шароит намойиш этилади.
Мазкур ташаббус орқали Ўзбекистонни Япония мактаблари йиллик хорижий таълим саёҳати дастурига киритиш, икки мамлакат ёшлари ўртасидаги мулоқот ва дўстликни мустаҳкамлаш, шунингдек япон сайёҳларининг янги авлодини юртимизга жалб этиш кўзда тутилган.
1956 йил фаолият бошлаган, 2025 йил якунига кўра йиллик савдо айланмаси қарийб 861 миллион долларни ташкил этган “Tobu Top Tours Co., Ltd.” мамлакатнинг 47 префектурасида 118 маҳаллий офис, хорижда 13 ваколатхона очган. 2 466 ходим ишлайдиган корхона ички ва халқаро туризм, таълим саёҳати, жамоавий тадбирлар, халқаро конференция ҳамда туристик йўналишлар очиш бўйича хизмат кўрсатади.
Беҳрўз Худойбердиев, ЎзА
Япония