Туркияда чиқиндини СИ назорат қила бошлади
Туркиянинг Ойдин вилояти Қушадаси шаҳрида кўча тозалигини таъминлаш ва чиқиндини йиғиш самарадорлигини ошириш учун сунъий интеллектга асосланган ақлли тизим ишга туширилди.
Вилоят ҳокимияти матбуот хизмати ЎзА мухбирига берган маълумотга кўра, янги технология контейнернинг тўлиш даражасини аниқлаш, белгиланган жойдан ташқарига ташланган чиқиндини топиш ва махсус транспорт воситаси ҳаракатини мақбуллаштириш имконини беради.
Ҳокимлик тозалаш хизматида қўллана бошланган тизим чиқинди ташувчи автомобилга ўрнатилган СИ камераси ёрдамида ишлайди. Камера контейнер ҳолатини таҳлил қилиб, тозалаш ишини қайси ҳудудда ташкил этиш зарурлигини аниқлайди.
Технологиянинг яна бир муҳим жиҳати – контейнер ёнига ёки белгиланмаган жойга ташлаб кетилган қурилиш чиқиндиси, эски мебель ва боғ чиқиндисини аниқлаш. Тизим қайд этган маълумот асосида чиқинди тўпланган манзил белгиланиб, тозалаш гуруҳи тегишли ҳудудга йўналтирилади.
Шаҳардаги чиқинди контейнерлари рақамли харита орқали кузатиб борилади. Бу масъул хизматларга вазиятни тезкор баҳолаш, ишни эҳтиёжга қараб режалаштириш ва мавжуд техник имкониятдан самарали фойдаланиш имконини беради.
Янгича ёндашув ортиқча қатновни қисқартириши, йўналишни мақбуллаштириши, ёнилғи сарфи ва транспорт харажатини камайтириши, шунингдек автомобилдан чиқадиган зарарли газ миқдорини камайтириши кутиляпти.
Мазкур ташаббус шаҳар инфратузилмасини рақамлаштириш ва коммунал хизматни замонавий технология асосида ташкил этишга қаратилган. Тизим изчил ишлаши чиқиндини вақтида йиғиш, кўча озодалигини сақлаш ва шаҳар муҳитини янада обод қилишга ёрдам бериши шубҳасиз.
Нодира Қаюмова, ЎзА
Туркия