БМТ: Бош котиб масаласи боши берк кўчада: номзодлар ветога учраяпти
Хавфсизлик Кенгашида БМТ янги Бош котибини сайлаш бўйича норасмий овоз бериляпти. Афсуски, жараёнда 7 номзоддан ҳеч бири 5 доимий аъзо томонидан якдил қўллаб-қувватланмаяпти.
Нисбатан кўп овоз олганлар – Коста-Рика собиқ вице-президенти Ребека Гринспан, Гаяна вакили Каролин Родригес-Биркетт ва МАГАТЭ директори Рафаэль Гросси. Барибир, улар ҳам вето ҳуқуқига эга бўлган камида икки доимий аъзо эътирозига дуч келишди.
Бош котибни сайлаш учун ХК таркибидаги 15 аъзо давлат вакилидан камида 9 нафарининг маъқуллови, шунингдек 5 доимий аъзодан ҳеч бири вето қўймаслиги талаб қилинади.
Якуний қарор ХК томонидан қабул қилинади: доимий аъзолар – АҚШ, Хитой, Россия, Франция ва Буюк Британия бирдек тасдиқлагандан кейин ғолиб даъвогар номи расман БМТ Бош Ассамблеясига тасдиқлаш учун тақдим этилади.
Норасмий овоз бериш ёпиқ эшик ортида ўтказилади. Ягона номзод танлангунга қадар яна бир неча босқич ўтказилиши кутиляпти. Агар Гринспан сайланса, ташкилот тарихида Бош котиб лавозимида ишлайдиган биринчи аёл сифатида тарихга киради.
Амалдаги раҳбар Антониу Гутерришнинг ваколати муддати 31 декабрь куни тугайди.
С.Раҳимов, ЎзА