Туркий дунё ёшларининг III учрашуви бўлиб ўтди
Туркиянинг Трабзон шаҳрида 21 давлат ёшларини бирлаштирган Туркий дунёнинг III учрашуви бўлиб ўтди. Унда маданий дипломатиядан сунъий интеллектгача бўлган муҳим мавзулар муҳокама этилди.
Юртимизда ёшлар сиёсати янгича қиёфа кашф этаётгани сир эмас. Бунда уларнинг ҳар томонлама етук бўлиши учун кенг имкониятлар эшиги очиқ. Қолаверса, халқаро тажрибага эга бўлишлари учун ҳам зарур шароитлар мавжуд.
Туркиянинг Трабзон шаҳрида ТУРКСОЙ ва маҳаллий ҳокимлик ҳамкорлигида Туркий дунё ёшларининг III учрашуви ташкил этилди.
Унда 21 мамлакатдан 140 нафар ёш иштирок этди. Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигида фаолият юритаётган ёш кадрлар, соҳа вакиллари ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги тавсияси билан сараланган ёшлардан иборат делегация ҳам қатнашди.

Тадбир доирасида Туркий дунёнинг умумий маданий меросини асраб-авайлаш, ёшлар ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, маданий дипломатия, сунъий интеллект ва замонавий технологиялар имкониятларидан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди. “Очиқ минбар” сессиясида иштирокчилар ўз ғоя ва лойиҳаларини тақдим этиб, фикр алмашди.
Шунингдек, Туркия миллий терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Шеноль Гунеш ёшлар билан учрашиб, спорт соҳасидаги кўп йиллик тажрибаси билан ўртоқлашди.
Дастур давомида делегация аъзолари Трабзон шаҳрининг тарихий обидалари ва диққатга сазовор масканлари билан ҳам танишди.
Шербек Исломов,
ЎзА