Тошкентда дарахтларни чангдан ювиш ишлари олиб борилмоқда
Тошкент шаҳрида куз мавсумининг ҳаддан ташқари қуруқ ва камёғин келиши ортидан пойтахт экологик ҳолатини яхшилашга қаратилган кенг кўламли тадбир бошланди.
Хусусан, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Шаҳар ободонлаштириш бош бошқармаси томонидан марказий кўчалар ва истироҳат боғларидаги дарахтлар ҳамда яшил майдонларни чангдан тозалаш ва ювиш ишлари олиб борилмоқда.
“Ўзгидромет” маълумотларига кўра, жорий йилнинг сентябрь ойи ўта қурғоқчил келган. Бундай шароитда яшил майдонлар ва шаҳар муҳитига қўшимча ғамхўрлик кўрсатиш қанчалик муҳимлигини англаган ҳолда, махсус ободонлаштириш хизматлари чангланиш оқибатларини камайтириш чораларини кўрмоқда.

Жумладан, махсус техникалар ёрдамида сув сепилиб, дарахтларнинг шох-шаббаларини эҳтиёткорлик билан ювиш, баргларни ўрнашиб қолган чангдан тозалаш ва шаҳар ҳудудининг айрим қисмларини қўшимча равишда намлантириш ишлари олиб борилмоқда.
Бу чоралар табиий ёғингарчилик ўрнини боса олмайди ёки чанг муаммосини бутунлай ҳал қилмайди. Бироқ, бир қарашда кичик туюлган бундай саъй-ҳаракатлар ҳам қулай микроиқлимни сақлаш ва аҳоли учун янада яхши шароитлар яратишга ўз ҳиссасини қўшади.

Масъул ташкилотлар саъй-ҳаракатлари билан пойтахт экологик барқарорлик сари изчил одимламоқда ва бу ишларнинг марказида ҳамиша шаҳарликларнинг фаровонлиги, яшил ҳудудларни асраб-авайлаш ҳамда пойтахтни яшаш учун янада тоза, яшил ва қулай масканга айлантириш мақсади туради.
Гулноза Бобоева,
ЎзА