Океан ортидаги ўзбек қалби: она тилимда тинглаган алламнинг таржимаси йўқ
Америкада яшаётган ўзбек онаси билан она тили, фарзандлар тарбияси ва миллий ўзлик ҳақида суҳбат.
Инсон Ватандан узоқлашиши мумкин. Ҳаёти бошқа мамлакатда давом этиши, фарзандлари ўзга тилда таълим олиб, бошқа маданий муҳитда улғайиши мумкин. Аммо унинг қалбида болаликдан муҳрланган бир олам борки, уни на масофалар, на йиллар, на бегона муҳит осонгина ўзгартира олади. Бу — она тили, оиладан мерос бўлиб қолган қадриятлар ва инсонни ўз илдизларига боғлаб турадиган маънавий ришталардир.
Ватандан узоқда яшаганда ўзбек тилининг қадри бошқачароқ сезиладими? Она тили фақат сўзлашиш воситасими? Ахир онамизнинг меҳрини, болаликда эшитган аллаларимизни, яқинларимиз билан кечган суҳбатларни, қалбимиздаги соғинчни қайси тилда тўлиқроқ ифода этамиз? Баъзи сўзларнинг маъносини бошқа тилда тушунтириш мумкин, аммо уларнинг қалбга етиб борадиган оҳанги, туйғуси ва хотираси фақат ўз тилимизда жонланади.
21 октябрь — Ўзбек тили байрами муносабати билан АҚШда истиқомат қилиб келаётган ватандошимиз Лобар Усмоновани суҳбатга чорладик. Суҳбатимиз фақат байрам ёки тилга муносабат ҳақида эмас, балки янада муҳим бир масала — хорижда улғаяётган фарзандларга она тилини, миллий ўзликни ва аждодлардан мерос қадриятларни қандай етказиш ҳақида кечди. Суҳбатдан шуни англадимки, инсон қаерда яшамасин, ўз тилини асраса, ўз илдизлари билан боғлиқликни ҳам сақлаб қолади.
“Бирор куним ўзбек тилисиз ўтмайди”
Америкада истиқомат қилаётганимизга 20 йилдан ошди. Бошқа миллат, бошқа элатлар орасидамиз. Аммо мени хурсанд қиладиган томони атрофимда ўзбекча гаплашадиганлар етарли. Бу ердаги ўз оилам, дугоналарим бор. Ўзбекистондаги оиламга ҳар куни қўнғироқ қиламан. Улар билан соғинчимни баҳам кўраман. Хуллас, бирор куним ўзбек тилисиз ўтмайди. Фарзандларимнинг тўрталаси ҳам Америкада туғилган бўлсада, уларнинг Ўзбекистон борасида гўзал тасаввурлари бор. Чунки улар ҳақиқий ўзбек ота-онанинг фарзандлари. Болаларим инглиз тилида равон гапириши табиий. Шундай бўлсада бизнинг оиладаги мулоқотимиз асосан ўзбек тилида кечади. Ўзбекча сўзлашув биз учун жуда ёқимли ва қулай. Қаерда яшамайлик, қайси тилда сўзлашмайлик, фарзандларим ўз илдизларини, кимнинг авлоди эканини унутмаслигини истайман. Ўзбек сифатида она тилимизни авлоддан-авлодга етказиш масъулияти борлигини ҳис қилишларини хоҳлайман.
— Демак, сиз учун она тили фақат бугунги мулоқот эмас, келажак авлодга қолдириладиган маънавий мерос ҳам эканда? Фарзандларингизнинг ўзбек тилини билиши шунчаки тил ўрганиш масаласими ёки уларнинг ўзлигини англаши билан ҳам боғлиқми?
— Ҳа, мен учун ўзбек тили ўзлигимнинг бир қисми. Чунки тил орқали инсон ўз оиласи, тарихи ва қадриятлари билан боғланади. Она тилимда менинг хотираларим, бахтли болалигим, узоқда қолган ўтмишим мужассам. Онамнинг дил сўзларини, алласини она тилида эшитиб улғайдим, отамнинг эркалашларини она тилида ҳис қилдим. Она тилимда тинглаган алламнинг ва отамнинг меҳрини таржимаси йўқ. Мен ҳамон яқинларим билан боғлансам ўз тилимда соғинчимни, ҳисларимни баён этаман. Фарзандларимга Ўзбекистон ҳақида айтиб берган ҳикояларим ҳам ўзбек тилида. Уларга ўз тилимдагина ҳиссиётларимни таърифлай оламан. Болаларим инглиз тилидан ташқари француз, немис, испан тилларини ҳам мукаммал ўзлаштирган. Ўзбек тилини билиши эса фақат қўшимча тил ўрганиши эмас, улар ўзбек ота-онасини, ўзбекона меҳрни, қадриятларни дилдан ҳис қилиши учун керак.
Ҳар бир тилда инсоннинг қалбига яқин, алоҳида меҳр билан айтадиган сўзлари бўлади. Ўзбек тилидаги қайси сўзларни Америкада ҳам кўп ишлатасиз? Масалан, фарзандларингизни эркалатганда қайси сўзлар тилингизга тез-тез келади?
— Қизиқ савол экан! Буни болаларимдан ҳам сўрашим керак. Менимча, “асалим”, “жоним”, “эркатойим” деган сўзларни кўп ишлатсам керак. Балки, айнан шу оддий сўзларим болаларим учун ўзбек тилининг энг илиқ хотираларидан бирига айланар. Чунки уларни шу каби ўзбекча сўзлар билан эркаласам, кўзларида ўзгача хурсандчиликни кўраман. Уларни ўзбекчада дуо қилишим ҳам ёқади. Аслида тилни асраш кундалик ҳаётдаги оддий амаллардан бошланади. Фарзанд билан ўзбекча суҳбатлашиш, унга миллий эртакларни айтиб бериш, бобо-момоларининг тарихини тушунтириш, ўзбек тилида эркалаш — буларнинг барчаси тилнинг авлодлар ўртасида яшашига хизмат қилади.
Бу суҳбатдан олган хулосамга кўра, хорижда яшаш ўзликдан воз кечиш дегани эмас. Бошқа тилни ўрганиш, янги муҳитга мослашиш ва замонавий дунё билан ҳамқадам бўлиш мумкин. Бу жараёнда она тилини оила ҳаётининг табиий қисми сифатида сақлаб қолиш ҳам зарур. Байрам баҳонасида ўзбек тилининг нуфузи, имкониятлари ва келажаги ҳақида кўп гапирамиз. Аммо унинг эртанги куни ҳар бир оилада, ҳар бир фарзанднинг тилида ҳам давом этади. Чунки тилни фақат бугун гапираётганлар эмас, уни эртага ҳам гапирадиган авлодлар асраб қолади.
ЎзА мухбири Муҳайё Тошқораева ёзиб олди.