Тунги суғориш – тежамкорликнинг самарали усули
Тошкент вилоятида ғўза майдонларида сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида тунги суғориш ишлари устидан назорат кучайтирилди.
"Сувхўжаликназорат" инспекцияси Тошкент вилоят бошқармаси ходимлари томонидан Бекобод, Юқори Чирчиқ, Бўка, Пискент, Оққўрғон ва Чиноз туманларида кечки ҳамда тунги вақтларда амалга оширилаётган суғориш жараёнлари доимий мониторинг қилинмоқда.
Назорат тадбирлари давомида фермер хўжаликларида сувдан белгиланган меъёрлар асосида фойдаланиш, сув тақсимотининг адолатли ташкил этилиши, ноқонуний сув олиш ҳолатларининг олдини олиш, суғориш тармоқларининг техник ҳолати ҳамда сув исрофига йўл қўймаслик масалалари ўрганилди.

Аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан фермер хўжаликларига тегишли кўрсатмалар берилди. Шунингдек, сув ресурсларидан тежамкор ва самарали фойдаланиш бўйича тушунтириш ишлари ҳам олиб борилди.
Хусусан, Бўка туманидаги «Бўстон», «Кўкорол», «Мустақил Ўзбекистон» ва Навоий ҳудудларида 320 нафар фермернинг 9 минг гектар ғўза майдони учун сув сарфи белгиланган тартибда тақсимланган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, тунги вақтда ҳаво ҳароратининг пасайиши натижасида сувнинг буғланиши камайиб, ҳар бир томчи сувдан унумли фойдаланиш имконияти ортади.
Инспекция маълумотига кўра, сув ресурсларини тежаш, суғориш самарадорлигини ошириш ва қишлоқ хўжалиги экинларининг барқарор сув таъминотини таъминлаш мақсадида бундай назорат тадбирлари келгусида ҳам давом эттирилади.
А.Мусаев,ЎзА.