Тадбир амалий натижаларга бой бўлди
Ёшлар – Янги Ўзбекистоннинг интеллектуал салоҳияти, эртанги тараққиёти ва рақобатбардош иқтисодиётини таъминлайдиган энг катта кучдир. Шу боис мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг замонавий билим эгаллаши, касб-ҳунар ўрганиши, муносиб меҳнат қилиши ва жамиятда муносиб ўрин эгаллаши давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида изчиллик билан таъминланмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан ёшларнинг таълим олиши, ўз иқтидорини намоён этиши ва меҳнат бозорида муносиб ўрин топиши учун яратилаётган кенг имкониятлар ўз самарасини бермоқда. Бу жараёнда Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонунида белгиланган вазифалар ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бугунги кунда олий таълим муассасасини тамомлаган ҳар бир ёшни энг кўп ўйлантирадиган масала – эгаллаган мутахассислиги бўйича муносиб иш топишдир. Зеро, дипломнинг ҳақиқий қиймати уни амалиёт билан мустаҳкамлаш, олинган билимни иш жараёнида намоён этиш орқали юксалади. Шу маънода таълим муассасалари билан иш берувчилар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслар ёшларнинг келажагини белгилайдиган муҳим омилга айланмоқда.

Сирдарё-Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармасида ташкил этилган “Карера куни” тадбири ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилди. Унда сув хўжалиги тизимига малакали, ташаббускор ва замонавий билимларга эга ёш мутахассисларни кенг жалб этиш, уларни мавжуд бўш иш ўринларига йўналтириш ҳамда соҳанинг кадрлар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирда Сирдарё-Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Музаффар Турдибоев, бошқарма марказий аппарати ходимлари, инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўйича мутахассислар, олий таълим муассасалари битирувчилари ҳамда амалиётчи талабалар иштирок этишди.

Бошқарма бошлиғи Музаффар Турдибоев сўзга чиқиб, бугун сув хўжалиги тизимида нафақат чуқур назарий билимга, балки замонавий фикрлайдиган, ташаббускор ва масъулиятли ёш кадрларга эҳтиёж тобора ортиб бораётганини таъкидлади. Шу билан бирга, соҳага кириб келаётган ёшларнинг касбий салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларнинг меҳнат фаолиятини муносиб бошлаши учун барча зарур ташкилий ва амалий шарт-шароитлар яратилаётгани қайд этилди.

Тадбир доирасида сув хўжалиги тизими ташкилотларидаги бўш иш ўринлари бўйича тақдимот ўтказилди. Битирувчиларга меҳнат фаолиятини бошлаш тартиби, иш шароитлари, касбий ўсиш имкониятлари ва соҳадаги истиқболли йўналишлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Очиқ мулоқот руҳида кечган учрашув ёшларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олиш, иш берувчи ва битирувчилар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш имконини яратди.
Энг муҳими, тадбир амалий натижа билан якунланди. Ирригация соҳасини тамомлаган бир гуруҳ битирувчилар тизимдаги мавжуд бўш иш ўринларига қабул қилиниб, ўз меҳнат фаолиятини бошлаш имкониятига эга бўлишди. Бу эса “Карера куни” тадбири расмий учрашув эмас, балки ёшларнинг дипломдан мустақил меҳнат фаолиятига ўтишини таъминлаётган таъсирчан механизмга айланаётганини яна бир бор кўрсатди.

Бугун сув хўжалиги соҳасида меҳнат фаолиятини бошлаётган ёшлар эртага мамлакатнинг сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, замонавий ирригация тизимларини ривожлантириш ва тармоқ барқарорлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшади. Шу маънода “Карера куни” каби амалий ташаббуслар нафақат битирувчилар бандлигини таъминлаш, балки давлатимиз томонидан ёшларга қаратилаётган юксак эътиборнинг амалдаги ифодаси, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорликнинг ёрқин намунасидир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири