Экологик партия: маҳаллалар ва ўрмон хўжалиги фаолияти ўрганилди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Экологик партия фракцияси раҳбари Абдушукур Ҳамзаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус ва Кегейли туманларида маҳаллалар фаолияти, аҳоли турмуш шароити ҳамда экологик йўналишдаги ишлар юзасидан ўрганишлар олиб борилди.
Дастлаб ишчи гуруҳ Нукус туманидаги “Деҳқон арна” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, “Маҳалла еттилиги” билан учрашув ўтказди. Учрашув давомида маҳалла раиси М.Аминов томонидан ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати, аҳоли бандлиги ва амалга оширилаётган ишлар юзасидан батафсил маълумот берилди.

Мазкур маҳаллада 3 минг 611 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда 836 та хонадон мавжуд бўлиб, ишсиз фуқаролар сони 86 нафарни ташкил этади. Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари маҳалладаги икки хонадонга ташриф буюриб, аҳоли вакиллари билан самимий мулоқот қилишди. Уларни байрам билан қутлаб, яшаш шароити, муаммолари ва таклифлари ўрганилди.

Мулоқотлар давомида аҳоли фаровонлигини ошириш, бандликни таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, оилалар даромадини кўпайтириш, маҳаллаларда ижтимоий-иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Шу билан бирга, ҳудудларни ободонлаштириш, яшил майдонларни кенгайтириш, манзарали кўчатлар экишни рағбатлантириш, санитария ва экологик тозаликни таъминлаш, маиший чиқиндиларни самарали бошқариш ҳамда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан фикр алмашилди.
Шундан сўнг ишчи гуруҳ Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти ҳузуридаги Қорақалпоғистон илмий-тажриба станциясига ташриф буюрди.

Мутахассислар томонидан станция фаолияти, илмий-тадқиқот йўналишлари ва амалга оширилаётган инновацион лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берилди. Қайд этилишича, мазкур станция Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 31 майдаги “Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 28-октябрдаги “Ўрмончилик соҳасида илмий-тадқиқот ишларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилган.

Ҳозирги кунда станция тасарруфида жами 66,03 гектар ер майдони мавжуд бўлиб, унинг 9,83 гектари Нукус тумани “Қутанкўл” ҳудудида жойлашган. Мазкур майдонда 3 гектар кўчатхона ва 2 гектар ниҳолхона ташкил этилган.
Бундан ташқари, Нукус тумани “Саманбой” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги 56,2 гектар ер майдонида Галофит ўсимликлари боғи ташкил этилиб, унинг 10 гектарида шўрланган ерларга мослашган галофит ўсимлиги устида илмий тажрибалар олиб борилмоқда. Айни пайтда 4,2 гектар майдонда Хитойдан келтирилган ҳамда маҳаллий галофит ўсимликлари уруғлари экилиб, тажриба-синов ишлари давом эттирилмоқда.
Станцияда жами 22 нафар ходим фаолият юритиб, учта илмий лаборатория — чўл ўрмон ўсимликларини етиштириш ва кўпайтириш, деградацияга учраган ерларда озуқабоп ўсимликларни етиштириш ҳамда ўрмон ўсимликларини касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш йўналишларида илмий изланишлар олиб борилмоқда.
Куннинг иккинчи ярмида ишчи гуруҳ Кегейли туманидаги “Маданият” маҳалла фуқаролар йиғинига ташриф буюрди. У ерда маҳалла фаолияти, “Маҳалла еттилиги” томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳамда аҳолининг турмуш шароити ўрганилди.
Мазкур маҳаллада 4 минг 130 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда 933 та хонадон мавжуд бўлиб, хотин-қизлар сони 1 минг 836 нафар, ёшлар сони эса бир минг 209 нафарни ташкил этади.
Ишчи гуруҳ вакиллари маҳалла аҳолисининг хонадонларига ташриф буюриб, фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказди, уларнинг яшаш шароити билан яқиндан танишди ҳамда келаётган Мустақиллик байрами билан самимий муборакбод этди.
Шунингдек, депутатлар Кегейли туман ўрмон хўжалиги фаолияти билан ҳам танишишди. Ўрганишлар давомида кўчат етиштириш жараёни, туманни сифатли кўчатлар билан таъминлаш ишлари ва ўрмон фондини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар кўздан кечирилди.
Маълумотларга кўра, хўжаликнинг умумий майдони 4 минг 419 гектарни ташкил этиб, шундан 1 минг 979,29 гектари чўл ҳудуди, 2 минг 439 гектари эса тўқайзор майдонларидан иборат. Хўжаликда саксовул, ясин, айлант, ўрик, жийда ва тут кўчатлари етиштирилмоқда. Шунингдек, 16 гектар майдонда 6 минг туп тут кўчати экилиб плантация барпо этилган бўлса, яна 14 гектар майдонда 6 минг туп жийда кўчати парвариш қилинмоқда.
Ўрганишлар якунида ишчи гуруҳ томонидан маҳаллаларда аҳоли фаровонлигини янада ошириш, экологик маданиятни юксалтириш, яшил ҳудудларни кенгайтириш, ўрмон фондини бойитиш, илмий ишланмаларни амалиётга кенг жорий этиш ҳамда ҳудудларни комплекс ривожлантириш борасидаги ишларни изчил давом эттириш юзасидан тегишли тавсия ва таклифлар билдирилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири