Жаҳон банки билан энергия самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди
Тошкент шаҳар ҳокимлигида Жаҳон банкининг энергетика соҳаси бўйича бош мутахассислари иштирокида “Ўзбекистон миллий барқарор иссиқлик таъминоти дастури” доирасида учрашув бўлиб ўтди.
Унда Тошкент шаҳар ҳокимининг уй-жой коммунал хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Обиджон Мўминов, Энергия самарадорлиги миллий агентлигининг Тошкент шаҳар лойиҳа офиси раҳбари Мурод Тўйчиев ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари иштирок этди.
Учрашувда кўп квартирали уйларни модернизация қилиш, марказлашган иссиқлик таъминотини такомиллаштириш, иссиқлик йўқотишларини камайтириш, соҳани рақамлаштириш ва замонавий бошқарув механизмларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.

Турар жой фондининг энергия самарадорлигини ошириш дастурини ишлаб чиқиш ҳамда модернизация қилинадиган уйлар ва ҳудудларни танлаш мезонлари кўриб чиқилди.
Шунингдек, учрашувда сифатли иссиқлик таъминоти кўп жиҳатдан биноларнинг энергия самарадорлигига боғлиқлиги, иссиқлик йўқотишлари эса газ ва электр энергиясининг қўшимча сарфланишига олиб келаётгани қайд этилди. Шу боис уйларни комплекс модернизация қилиш, энергия тежамкор технологияларни жорий этиш ва иссиқлик йўқотишларини қисқартириш Тошкент шаҳри учун устувор йўналишлардан бири экани таъкидланди.

Меҳмонлар тегишли дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда техник, экспертлик ҳамда институционал кўмакни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирди.
Гулноза Бобоева, ЎзА