Трамп ва Ким Чен Ин учрашмоқчи: Вашингтон Пхеньян билан нимани келишади?
АҚШ Президенти Дональд Трамп Осиё бўйлаб сафари учун дипломатик учрашувларга бой кун тартибини эълон қилди. Унинг айтишича, Россия етакчиси Владимир Путин ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан иқтисодиёт, ядровий қуролсизланиш ҳамда йирик урушлар юзасидан уч томонлама музокара ўтказади. Бундан ташқари Корея Халқ Демократик Республикаси етакчиси Ким Чен Ин билан ҳам учрашув режалаштирилган. Бу ҳақда “Euronews” ёзган.
Биринчи манзил Филиппин бўлиши мумкин. Шундан сўнг Трамп Хитойга йўл олади. 19 ноябрь куни Путин ва Си Цзиньпин билан мулоқот ўтказилади. Ушбу музокара Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги саммити доирасида бўлиб ўтади. Қўшимча қилинишича, учрашувда Эрон ва Украина атрофидаги можаро, шунингдек иқтисодиёт ва савдо масалалари муҳокама қилинади.
Аввалроқ Америка раҳбари Ким Чен Ин билан муносабати яхши эканини айтар экан, улар йил охирига қадар учрашишини истисно этмаган эди. Ўшанда учрашув тафсилот ошкор қилинмаган.
– У билан илиқ муносабатда эканим – яхши ҳолат, – деган АҚШ Президенти. – Ҳозир Кимнинг ихтиёрида 57 дона жуда қудратли ядровий каллак бор. Менинг президентлик давримда бунга йўл қўймаган бўлардик.
Афтидан, Трамп ва Ким Чен Ин учрашуви хавфсизлик масаласи билан боғлиқ. Ўз навбатида, Халқаро атом энергияси агентлиги бош директори Рафаэль Гросси сентябрь ойида Шимолий Кореяда ядровий материал ишлаб чиқариш ривожланаётгани ҳақидаги хабарларни “жиддий ташвишга сабаб бўладиган ҳолат” сифатида баҳолаган.
Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА