100 мактабга бир вақтда таҳдид хати юборилди
Италияда камида 100 мактаб электрон почта орқали бомба қўйилгани ва ошхонадаги озиқ-овқатга заҳарли модда аралаштирилгани ҳақида таҳдид олди. Хабарларда портлаш 40 дақиқа ичида содир бўлиши айтилган. Текширув чоғи ўқув муассасаларидаги озиқ-овқатдан шубҳали ҳолат аниқланмаган, фақат айрим мактаблар эвакуация қилинган.
Бу гал мактаблар учун янги хавфсизлик тартиби қўлланди. Яъни, ноаниқ ва оммавий тарқатилган таҳдид сабаб барча ўқувчиларни дарҳол кўчириш талаб этилмади. Бундай қарор ҳуқуқ-тартибот идоралари ва хавфсизлик хизмати вазиятни баҳолагач қабул қилинади. Бундай амалиёт ўтган ҳафтадаги шунга ўхшаш таҳдидлардан кейин жорий этилган.
Таҳдид хати Вьетнамдаги муассасага тегишли, эҳтимолий бузиб кирилган электрон почта манзилидан юборилган. Италия почта полицияси ҳодиса юзасидан тергов бошлади. Кибер жиноятчилик хизмати раҳбари Ивано Габриэлли таъкидлашича, интернет орқали номсиз электрон манзил яратиб, оммавий хат юбориш техник жиҳатдан осон. Терговчилар эса жўнатиш инфратузилмасида қолган из орқали ташаббускорни аниқлашга ҳаракат қилмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА