Россия - Украина урушида кўприклар асосий нишонга айланмоқда (+видео)
Россия – Украина урушида стратегик аҳамиятга эга транспорт инфратузилмаларига ўзаро ҳужум кучаймоқда. Рус қўшини Киевдаги Днепр дарёси узра ўтган кўприкларга зарба берган бир пайт, украин ҳарбийлари Қрим кўпригига ҳужум қилди. Ҳар икки ҳолатда транспорт қатнови чекланиб, муҳим инфратузилмага етказилган зарар оқибати ўрганилмоқда.
DW хабарига кўра, Россия октябрь ойи бошидан буён Киевдаги Днепр дарёси устидан ўтган Жанубий ва Шимолий кўприкларни бир неча бор нишонга олган.
Киев мэри Виталий Кличко маълум қилишича, ҳужум туфайли кўприкларда ҳаракат вақтинча тўхтатилган, шаҳарнинг икки қирғоғи ўртасида транспорт қатнови қийинлашган. Айрим жойларда иситиш ва сув таъминоти билан боғлиқ муаммо юзага келган.
Украина ҳарбийлари эса 16 ноябрь куни тонгда Керч бўғози орқали Россиянинг асосий ҳудудини Қрим билан боғлаб турувчи кўприкка дрон ёрдамида зарба берди. Ҳужумдан кейин кўприк орқали автомобиль ҳаракати тўхтатилди. Россия томони тезкор штаб тузилганини эълон қилди. Иншоотга жиддий зарар етгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бинобарин, дастлаб келтирилган айрим маълумотлар расман тасдиқланмади.
Шу тариқа урушда кўприклар нафақат транспорт тизими воситаси сифатида, балки ҳарбий таъминот, логистика ва иқтисодий алоқалар нуқтаи назаридан ҳам муҳим нишонга айланмоқда. Ҳар икки томон бундай қурилмаларга зарба бериши аҳоли турмуши, транспорт ҳаракати ва ҳудудларнинг кундалик таъминотига бевосита салбий таъсир кўрсатмоқда.
Кенжа Бекжонов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА