“Тоза ҳудуд“ ДУК: хорижий тажриба, янги усул ва инновация
Мамлактимиздаги 13 “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхоналари ва уларнинг 174 туман, шаҳар филиаллари, Тошкент шаҳридаги “Махсустранс” ДУК, марказий шаҳарларда 9 кластер ва 100 муқобил корхонаси томонидан аҳолига санитар тозалаш хизматлари кўрсатиб келинмоқда.
Мамлактимиздаги 13 “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхоналари ва уларнинг 174 туман, шаҳар филиаллари, Тошкент шаҳридаги “Махсустранс” ДУК, марказий шаҳарларда 9 кластер ва 100 муқобил корхонаси томонидан аҳолига санитар тозалаш хизматлари кўрсатиб келинмоқда.
Бугунги кунда мазкур ташкилотлар аҳолига санитар тозалаш хизмати сифатини ошириш ва қамровини кенгайтириш, санитар тозалаш корхоналари моддий-техник базасини ва инфратузилмасини мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият бераётир.
Фарғона шаҳрида бўлиб ўтган “Санитар тозалаш корхоналари фаолиятини самарали ташкил этиш” мавзуидаги ўқув-амалий семинар ҳам ана шундай ишлар давомидир.
Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, унинг тизимидаги “Тоза ҳудуд“ ДУК масъуллари, мутахассислар, ахборот хизмати ва кадрлар бўлимлари ходимлари иштирок этган тадбирда соҳада амалга оширилаётган ишлар ва янгиликлар сарҳисоб қилинди.

Таъкидланганидек, “Тоза ҳудуд” ДУКлари учун 39 автокорхоналар қуриб, ишга туширилди. Жорий йил охирига қадар яна 17 та автокорхонада қурилиш ишлари якунланиши кутилмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Ҳабибулла Ҳусанов қўмита, “Тоза ҳудуд“ ДУК фаолияти ва келгуси режалар ҳақида маълумот берди.
- 2020 йилда яна 143 полигонда қурилиш ишларини амалга ошириш кўзда тутилган, - деди Ҳабибулла Ҳусанов. - Шунингдек, 304 намунавий типдаги замонавий чиқиндиларни тўплаш шаҳобчалари қурилиб, 2 561 контейнер билан жиҳозланди.
Ҳудудлардаги мавжуд 221 маиший чиқинди полигоннинг барчаси паспортлаштирилиб, умумлаштирилган маълумотлар асосида давлат ягона кадастр маълумотлар базаси яратилди ҳамда тегишли тартибда Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасига тақдим этилди. Бугунги кунда маиший чиқинди полигонлари давлат кадастрлари, қўмитада замонавий “ArcGIS” дастурий иловалари ва бошқа турдаги геоахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда фаолият кўрсатмоқда. Ҳудудий “Тоза ҳудуд” ДУКларида жами 6 844 нафар ходим меҳнат қилаётир. 2016 йилга нисбатан улар сони 3,1 баробарга ортган ва 4 660 нафар аҳоли доимий иш ўринлари билан таъминланди. Йил якунига қадар яна қўшимча 1 026 та доимий иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.

Яна бир муҳим фактга аҳамият берадиган бўлсак, 2018 йилда давлат унитар корхоналаридаги ишчи ва хизматчиларнинг бир ойлик иш ҳақи фонди 6 миллиард сўмни, 2019 йилда иш ҳақи миқдори 1,5 баробарга ортиб, 7,5 миллиард сўмни ташкил этди.
-Аввало, бугун компания фаолияти билан сизларни таништириш учун имконият берилганидан хурсандман,- деди Хитойнинг “Haiqi group” компанияси бош менежери Хан Жи Сун.- Ўттиз йиллик тажрибага эга компания чиқиндиларни қайта ишлайдиган ускуналар ишлаб чиқаради. Унинг фаолиятини Ўзбекистонга яхшироқ таништириш учун компания янги лойиҳасини тақдим қилмоқда. Лойиҳа чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергия ишлаб чиқаришга асосланган. Тақдимотимда иштирокчиларга бу ҳақда батафсил маълумот бердим.
Тадбирда соҳада фаолият юритаётган мутахассис ходимларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, уларни меъёрий-хуқуқий ҳужжатлар билан ишлаш тартиби билан таништириш, қурилиш ишлари замонавий технологияларни қўллаш каби масалалар юзасидан фикр алмашилди.
.
-Ҳозирги кунда вилоятимиз туманларида шу тизим учун ўнта бино қурилмоқда, шундан олтитаси фойдаланишга топширилди, -деди Жиззах вилояти “Тоза ҳудудʼ ДУК раиси ўринбосари Анвар Қувондиқов. - 2017 йилдан бошлаб корхонага 40 дан ортиқ чиқинди ташувчи техника берилди. Айни чоғда уларнинг сони 80 дан зиёддир. Шу ишларимиз билан вилоят аҳолисини 51 фоизи қамраб олдик ва уларнинг ишончини оқлашга тўлиқ эришдик. Бугунги семинарда Хитой компанияси вакили Хан Жи Суннинг чиқиндилардан электр энергиясини олиш бўйича тақдимоти биз учун фойдали бўлди. Фарғона вилояти “Тоза ҳудуд“ ДУК янги биноси ва аҳолига онлайн хизмат кўрсатиш жараёнлари билан танишув ҳам ўзига хос таассурот қолдирди.

Шунингдек, сессиялар ишида оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқлар билан ишлашда замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш бўйича малака ошириш, кадрлар билан ишлаш бўлимлари фаолиятини такомиллаштириш масалалари ҳам таҳлил этилди.
-Семинар иштирокчиларга маҳаллий ютуқлар билан бир қаторда Германия, Туркия ва Хитой давлатларининг санитария тозалаш ишлари билан яқиндан танишиш имкониятини яратди, - деди қўмитанинг мультимедиа маркази директори Мирзоҳид Жабборов. - Шу билан бирга, айни чоғда Интернет тармоқларида eco.gov.uz, waste.uz сайтлари ва ижтимоий тармоқларда махсус каналлар ташкил этилиб, ушбу каналлар орқали аҳолининг экологик маданияти ва хабардорлигини ошириш мақсадида соҳага оид бўлган хабар, лавҳалар, мақола, интервью ва роликлар намойиш этиб келинмоқда.
Тадбир доирасида Худоёрхон ўрдаси, “Ёдгорлик“ атлас ишлаб чиқариш корхонасида маданий тадбир уюштирилди.