Тошкентда яна 525 нафар фуқаронинг уй-жойга бўлган мулк ҳуқуқи эътироф этилди
Пойтахтда қонун асосида мулк ҳуқуқи расмийлаштирилган фуқаролар сони 927 нафарга етди.
Халқ депутатлари Тошкент шаҳри Кенгашининг навбатдаги сессиясида Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан амалга оширилган хатлов ишлари натижалари кўриб чиқилди.
Унга кўра, яна 525 нафар фуқаронинг якка тартибдаги уй-жойлари ҳамда улар жойлашган ер участкаларига нисбатан эгалик ҳуқуқи эътироф этилди. Шу билан пойтахтда «Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида»ги қонун ижроси доирасида мулк ҳуқуқи эътироф этилган фуқаролар сони 927 нафарга етди.
Мазкур қонун фуқароларга ўз уй-жойлари ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш имконини беради.
Мулк ҳуқуқи расмийлаштирилгандан сўнг фуқаролар уй-жойни олди-сотди қилиш, ҳадя этиш, мерос қолдириш, банк кредитларини олишда мулкни гаровга қўйиш, мулк билан боғлиқ бошқа ҳуқуқларни қонуний равишда амалга ошириш имкониятига эга бўлади. Бу эса аввал ҳуқуқий мақоми аниқ бўлмаган уй-жойларни қонунийлаштириш, фуқароларнинг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш ва кўчмас мулк бозорида ҳуқуқий аниқликни таъминлашга хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА