Ўзлигимизни англаб, ўз ҳикоямизни ўз овозимиз билан дунёга айтиш вақти келди
Президент Шавкат Мирзиёев 26 октябрь куни кино соҳасига замонавий бошқарув усулларини жорий қилиш ва “O‘zbekfilm” миллий кино брендини яратиш юзасидан тақдимот билан танишди, соҳа вакиллари билан мулоқот қилди.
Кино санъати жамиятнинг ижтимоий-маънавий ҳаётида муҳим ўрин тутади. У мамлакатнинг тарихи, миллий қадриятлари ва замонавий тараққиётини кенг жамоатчиликка етказишда самарали восита ҳисобланади.
Соҳани қўллаб-қувватлашга доир иккита фармон ва саккизта қарор қабул қилинди. Фильмлар олиш учун давлат бюджетидан 2016 йилда 10 миллиард сўм ажратилган бўлса, бу йил 218 миллиард сўм берилди. Ўн йилда ажратилган маблағ жами 1 триллион 200 миллиард сўмни ташкил этди.
Соҳада давлат монополияси тугатилиб, хусусий киностудияларнинг фаолияти йўлга қўйилди. Тарихий шахслар ва миллий ўзликни англашга қаратилган асарлар суратга олиниб, замонавий кинопавильонлар ташкил қилинди. Хорижий давлатлар билан йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбари амалга оширилаётган чора-тадбирларга қарамай, соҳада камчиликлар сақланиб қолаётганини таъкидлади. Хусусан, буюк ўзбек режиссёрлари асос солган чуқур психологик ва фалсафий ўзбек кино мактаби сусайиб, юзаки сюжетли фильмлар кўпайгани, сифатли сценарийлар етишмаётгани ҳамда операторлик, овоз режиссёрлиги ва монтаж соҳасидаги авлодлар узилиши юзага келгани кўрсатиб ўтилди.
Ўрганишлар ҳозирда ишлаб чиқарилиши белгиланган 181 та лойиҳада мавзу ва даврларнинг қайтарилиши, ижодкорларнинг бир вақтнинг ўзида бир нечта лойиҳалардаги иштироки, айрим студия ва ижодий гуруҳлар етарли тажрибага эга эмаслигини кўрсатди.
Агентлик фаолияти самарадорлигининг асосий кўрсаткичлари суратга олинаётган фильмларнинг оммабоплиги, томошабинларнинг эътирофи эмас, балки тасдиқланган режани бажаришдан иборат бўлиб қолгани қайд этилди. Қолаверса, фильмларнинг маркетинги, дистрибуция ва халқаро сотуви бўйича тизим йўлга қўйилмаган.
Тақдимотда кино соҳасига замонавий бошқарув усулларини жорий қилиш ва “O‘zbekfilm” миллий кино брендини яратиш мақсадида қатор ташаббуслар билдирилди. Хусусан, Кинематография агентлиги, унинг тизимидаги 19 та ташкилот ва Кинематография жамғармасини тугатиш, уларнинг ваколатларини Маданият вазирлигига ўтказиш, бўшаган биноларни аукционда сотувга чиқариш таклиф қилинди.
Маданият вазирлиги муассислигида “Ўзбекфильм” миллий кинокомпанияси ташкил этилиб, соҳадаги бош оператор этиб белгиланади. Кино маҳсулотларини ишлаб чиқаришда давлат буюртмаси тизими бекор қилиниб, лойиҳалар компания томонидан унга ажратиладиган бюджет субсидиялари орқали молиялаштирилади.
Шунингдек, Dolby Atmos технологияси асосида овоз студияси билан жиҳозланган замонавий Дубляж ва овозлаштириш маркази ташкил этиш, миллий онлайн киноплатформа ишлаб чиқиб, маҳсулотларни монетизация қилиш имкониятини яратиш кўзланмоқда.
Давлатимиз раҳбари билдирилган таклифларни маъқуллаб, кино соҳасида замонавий бошқарув усулларини жорий қилишни жадаллаштириш, соҳада ижодий эркинликни таъминлаш, сифатли сценарийлар ва ҳаётий сюжетларга бой фильмларни суратни олиш ишларини кенгайтириш, халқаро даражада ўзбек кино мактабининг довруғини тиклаш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди.
Шундан сўнг Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Ўзбекфильм” киностудиясида кино соҳаси вакиллари билан учрашув ўтказди.
Мулоқотда миллий кинода эришилган натижалар, соҳада ечимини кутаётган масалалар ва уни ривожлантиришнинг янги йўналишлари ҳақида сўз борди.
Давлатимиз раҳбари “Ўзбекфильм” бир неча авлод ижодкорларининг меҳнати билан боғлиқ қадрдон маскан эканини таъкидлади. “Маҳаллада дув-дув гап”, “Ўткан кунлар”, “Шум бола”, “Чинор остидаги дуэль”, “Суюнчи” каби фильмлар ва уларнинг қаҳрамонлари халқимиз хотирасида сақланиб қолган. Бу анъана мустақиллик йилларида “Абдуллажон”, “Отамдан қолган далалар”, “Дилхирож”, “Ватан”, “Ўтов” сингари асарлар билан давом эттирилди.
– Мазкур даргоҳда миллий кино тарихимиз, бир неча авлод ижодкорларининг меҳнати, халқимизнинг экранга кўчган орзулари, интилишлари ва армонлари мужассам, – деди Президентимиз.
Соҳага ўнлаб хусусий киностудиялар кириб келди, миллий кадрларнинг янги авлоди етишиб чиқди. “Исломхўжа”, “Ибрат”, “Авлоний”, “Абдулла Қодирий”, “Қўқон шамоли”, “Муқимий”, “Илҳақ”, “Ўзбек қизи”, “Баҳодир Ялангтўш” каби тарихий фильмлар яратилди. Яқинда “Олтин глобус” халқаро кино мукофоти доирасида Марказий Осиё ва Кавказ киноижодкорларини тақдирлаш маросими илк бор Тошкентда ўтказилди. Унда санъаткор Гулчеҳра Жамилова “Меридиан” мукофотига сазовор бўлди.
Президентимиз эришилган натижалар билан бирга мавжуд муаммоларни ҳам очиқ кўрсатиб ўтди. Ижтимоий тармоқлар ривожлангани учун одамлар кинотеатрга бормай қўйгани ҳақидаги фикрларга қарамай, хорижий фильмлар намойишида кинозаллар тўлмоқда.
– Демак, томошабин кинодан, кинотеатрларга боришдан воз кечгани йўқ, фақат унинг диди ва талаби ўзгарди, – деди давлатимиз раҳбари.
Миллий фильмларнинг айни талабга жавоб беришига фильм ишлаб чиқаришдан уни томошабинга етказишгача бўлган яхлит занжир – дистрибуция шаклланмагани тўсқинлик қилмоқда. Шунингдек, профессионал кинотанқидчилар фикри билан етарлича ҳисоблашилмаяпти. Мамлакатимиз етакчиси холис таҳлил ижодкорга ўз камчиликларини кўриш ва ўсиш имконини беришини таъкидлади.
Амалдаги давлат буюртмаси ва хариди тизими ҳам замонавий киноиндустрия талабларига жавоб бермаяпти. Бир вақтнинг ўзида битта режиссёрга олтитагача, бир муаллифга еттитагача лойиҳа бириктирилган. Буюртмаларнинг деярли ярми давлат студияларига берилгани хусусий ижодкорларнинг тенг рақобат қилиш имконини чеклаган. Сценарий суратга олиш жараёнида бойиши, ижодий ечимлар ўзгариши мумкинлиги боис, фильмни оддий товар ёки қурилиш объекти каби техник топшириқ асосида харид қилиш тўғри эмаслиги қайд этилди.
– Аслида, ижодкор меҳнатининг натижаси томошабинни чуқур ўйга солиб, қалбида из қолдирган фильм билан ўлчаниши керак, – деди Президентимиз.
Давлатимиз раҳбари кино халқлар бир-бирини танишига хизмат қилишини, ўз тарихи, маданияти ва миллий қаҳрамонларини жаҳон экранларида муносиб кўрсата олган мамлакатнинг овози ва таъсири кенгайишини таъкидлади. Кино бугун мамлакатнинг халқаро нуфузини оширадиган “юмшоқ куч”га айланган. У фарзандларимиз онги ва дунёқарашини шакллантиришда ҳам катта аҳамиятга эга.
Мамлакатимиз етакчиси “Ўз” ғоясининг кино санъатидаги ифодасини “Ўзлигимизни англаб, ўз ҳикоямизни ўз овозимиз билан дунёга айтиш” деб таърифлади. Экранда улуғ аждодларимиз билан бирга бугун ёнимизда яшаётган инсонларнинг ҳам ҳаққоний қиёфаси акс этиши кераклигини айтди. Ўқитувчилар, шифокорлар, спортчилар, Ватан ҳимоячилари, тадбиркорлар, қурувчилар ва ёшларнинг ҳаёти таъсирли фильмлар учун катта мавзу экани қайд этилди.
– Фарзандларимиз шундай қаҳрамонларда ўзини кўрсин, ўз кучига ишонсин, ўз юртининг келажагига дахлдорлигини ҳис этсин, – деди давлатимиз раҳбари.
Миллий кинони ривожлантириш учун соҳани бошқариш, молиялаштириш ва фильм яратиш вазифалари аниқ ажратилади. Кинематография агентлиги тугатилиб, давлат сиёсатини юритиш ваколати Маданият вазирлигига ўтказилади. Вазирликда Кино санъати департаменти ташкил этилиб, унинг раҳбари мақоми вазир ўринбосарига тенглаштирилади. Масъулларга бир ойда янги департамент ишини йўлга қўйиш ва агентлик тизимини тугатиш ишларини якунлаш топширилди.
Давлат муассасаси бўлган “Ўзбекфильм” ўрнида замонавий бизнес модели асосида ишлайдиган “Ўзбекфильм” миллий кинокомпанияси ташкил этилади. Компаниянинг ўзи фильм ишлаб чиқармайди – уларни яратиш тўлиқ хусусий секторга ўтади. Миллий кинокомпания лойиҳаларни танлаш ва молиялаштириш, фильмларни тарғиб қилиш, тарқатиш ҳамда халқаро бозорлар ва фестивалларга олиб чиқиш билан шуғулланади. Унинг фаолиятини бир ҳафтада йўлга қўйиш вазифаси белгиланди.
Киноларни молиялаштиришда давлат буюртмаси ўрнига субсидия асосида қўллаб-қувватлаш тизими жорий этилади.
– Бундан буён давлат фильмнинг буюртмачиси эмас, ижодкорлар ва хусусий секторнинг ишончли ҳамкори бўлади, – деди Президентимиз.
Янги тизимда техник топшириқларга эмас, ижодий жараён ва унинг талабларига устуворлик берилади. Молиялаштириш механизмини бир ойда жорий этиш, келгуси йилдан бошлаб миллий кинокомпания сўровига кўра ҳар йили бюджетдан тегишли маблағ ажратиб бориш топширилди.
“Ўзбекфильм”нинг 10 гектарлик ҳудудида кино хизматлари жамланган ягона индустриал кластер – “Ўзбекфильм кино шаҳарчаси” ташкил этилади. Бу мақсадга 400 миллиард сўм йўналтирилади. “Кино шаҳарчаси”да қуриладиган замонавий Дубляж ва овозлаштириш маркази учун 80 миллиард сўм ажратилади. Икки ойда шаҳарчанинг мастер-режаси ва лойиҳа-сметасини ишлаб чиқиш, қурилишни кейинги йил март ойидан бошлаш вазифаси қўйилди.
Киноижодкорлар учун яна бир ташаббус маълум қилинди. Қуйи Чирчиқ туманида замонавий талаблар асосида таъмирланган “Кўҳинур” сиҳатгоҳи тўлиғича улар ихтиёрига берилади. Шунингдек, ҳар йили соҳанинг камида 300 нафар ходимига республика сиҳатгоҳларида дам олиш ва даволаниш учун бепул йўлланма берилади.
Соҳада илм, таҳлил ва профессионал танқидчиликни ривожлантириш учун “Киношунослар клуби” ташкил этилади. Миллий кинокомпания унинг фаолиятини қўллаб-қувватлаб, Халқаро кинотанқидчилар федерацияси – FIPRESCIга аъзо бўлишига кўмаклашади.
Ўзбекистон Кино арбоблари ва Ўзбекистон кино саноати вакиллари уюшмалари бирлаштирилиб, Ўзбекистон кино соҳаси вакиллари палатаси тузилади. Палата ижодкорларнинг муаллифлик ҳуқуқлари ва касбий манфаатларини ҳимоя қилиш, ёшларнинг профессионал ўсишига кўмаклашиш билан шуғулланади. Ёш киноижодкорларнинг хорижда малака ошириши қўллаб-қувватланади.
Президентимиз “Ўзбекфильм” номини миллий киномизнинг ягона бренди сифатида мустаҳкамлашни таклиф қилди. Ҳозирги Чилонзор кўчасининг ушбу қисмига “Ўзбекфильм” номини бериш, Кино санъати музейи, Кино санъати саройи ва Миллий кинофондни ҳам шу ном остида бирлаштириш ташаббуси билдирилди.
Шундан сўнг давлатимиз раҳбари тажрибали киноижодкорлар ва ёшларнинг фикрларини тинглади. Ижодкорларга зарур шароит яратилиши ва уларнинг ташаббуслари қўллаб-қувватланиши таъкидланди. Яхши кино яратиш учун ҳалол меҳнат, ватанпарварлик ва халқимизни севиб ижод қилиш ҳам зарурлиги айтилди.
– Сизларга ишонаман. ўзлигимиздан куч олиб, бугунги ҳаётимизни теран англаб, миллий киномизнинг янги саҳифасини биргаликда ярата оламиз, – деди давлатимиз раҳбари.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Абу Али ибн Синонинг болалигига бағишланган “Ҳусайн” тарихий-бадиий фильмининг суратга олиш майдони билан танишди.
Болалар контентини ривожлантириш маркази буюртмаси асосида суратга олинаётган фильм учун “Ўзбекфильм” киностудиясида аллома яшаган давр муҳитини акс эттирувчи декорациялар барпо этилган. Давлатимиз раҳбари тарихий шаҳар деворлари, кўча ва бозор манзаралари, давр либослари ҳамда суратга олишда фойдаланиладиган буюмларни кўздан кечирди.
Киноижодкорлар билан мулоқотда Президентимиз давлат миллий руҳдаги, буюк аждодларимиз ҳаётига бағишланган фильмлар яратилишига эътиборни янада кучайтиришини таъкидлади. Бу ерда барпо этилган декорацияларни юқори баҳолаб, улар тарихий муҳитни экранда ишонарли гавдалантиришга интилишдан далолат эканини қайд этди. Бой тарихимиз ва алломаларимиз меросини кино тили орқали ёш авлодга етказиш, уларда ўз ўтмишига қизиқиш ва ифтихор туйғусини уйғотиш муҳимлигини таъкидлади.
Фильмда ёш Ҳусайн ибн Абдуллоҳнинг табобатга муҳаббати, устозларига садоқати ва инсонпарварлиги тасвирланади. Асар орқали болаларга алломанинг илмга интилиши ва шахсий фазилатларини яқиндан танитиш кўзда тутилган.
“Ҳусайн” фильмини яратиш Абу Али ибн Сино илмий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган “йўл харитаси”да белгиланган. Ҳужжатда аллома таваллудининг 1050 йиллигига тайёргарлик кўриш ҳам назарда тутилган.
Президентимиз фильм ижодкорларига муваффақиятлар тилади.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Абдулазиз РУСТАМОВ,
ЎзА мухбирлари