Тиббиётда инфратузилмани ривожлантириш ва соҳада хусусий сектор иштирокини кенгайтириш чоралари кўриб чиқилди
Президент Шавкат Мирзиёев тиббий инфратузилмани ягона мастер-режа асосида ривожлантириш ҳамда соғлиқни сақлаш тизимида хусусий сектор иштирокини кенгайтириш юзасидан тақдимот билан танишди.
Тиббиёт муассасаларини жойлаштириш, қуриш ва жиҳозлаш аҳолининг эҳтиёжига таянган ҳолда режалаштирилиши зарур. Ҳозир айрим ҳудудларда хизматлар тарқоқ ташкил этилган, шифо ўринлари нотўғри тақсимланган, эски бинолар ва ускуналардан фойдаланиш эса тиббий ёрдам сифатига таъсир қилмоқда.

Ишни мавжуд объектлар ҳақидаги аниқ маълумотларни шакллантиришдан бошлаш кўзда тутилган. Ўнта вилоятда ўтказилган хатловда соҳага тегишли 3 минг 499 та объект аниқланган. Бу Кадастр агентлиги маълумотларидагидан 494 тага кўп. Барча ҳудудларда хатловни якунлаш, объектларнинг электрон паспортларини шакллантириш ва соҳа кўчмас мулкининг ягона рақамли реестрини яратиш таклиф этилди.
Шу маълумотлар асосида 2026–2036 йилларга мўлжалланган тиббий инфратузилма мастер-режаларини амалга ошириш масаласи кўриб чиқилди. Ҳар бир ҳудуд бўйича аҳоли сони ва ўсиши, тиббий хизматларга эҳтиёж, муассасаларнинг қуввати ҳамда беморларнинг уларга етиб бориш вақти ҳисобга олинади. Мастер-режа қайси объектни сақлаб қолиш, бирлаштириш ёки реконструкция қилиш, янгисини қаерда қуриш, уни қандай жиҳозлаш ва қанча мутахассис зарурлигини белгилайди. Инвестиция дастурларини ҳам шу режалар асосида шакллантириш назарда тутилмоқда.
Тизимда муассасалар кўрсатадиган ёрдам даражасига қараб ўзаро боғланади. Мураккаб ва юқори технологик хизматлар таянч марказларда жамланади, туманларда эса базавий ва шошилинч тиббий ёрдам сақланади. Бирламчи бўғинни режалаштиришда қишлоқ ва олис аҳоли пунктлари ҳамда шаҳарлар учун алоҳида хизмат кўрсатиш меъёрлари қўлланади.

Бундай ёндашув зарурати Самарқанд вилояти мисолида кўрсатиб берилди. Вилоят аҳолисининг 80 фоизи туманларда яшайди, бироқ туманлар ҳиссасига шифо ўринларининг 41,7 фоизи тўғри келади. Мастер-режада тиббий ҳудудларни қайта ташкил этиш орқали туманлар улушини 67 фоизга етказиш, хизматларни аҳолига яқинлаштириш кўзда тутилган.
Самарқанд шаҳри, Ургут, Пастдарғом, Каттақўрғон, Иштихон ва Пайариқда янги шифохоналар қуриш ҳамда мавжудларини реконструкция қилиш режалари ҳақида ахборот берилди. Вилоят марказидаги ихтисослашган муассасаларни кўп тармоқли шифохоналар негизида қайта ташкил этиш, марказий лабораториялар, стерилизация ва ташхислаш хизматларини ривожлантириш таклиф қилинди. Ургут, Каттақўрғон ва Пастдарғомда 2030 йилгача жами 1 минг 500 та янги шифо ўрни яратиш назарда тутилмоқда.
Янги объектлар фақат бино қуриш билан чекланмаслиги таъкидланди. Поликлиника ва шифохоналарни лойиҳалашда беморлар ҳаракатини қулай ташкил этиш, инфекцион назорат, инклюзив муҳит ва хоналарни жиҳозлаш бўйича ягона талабларни жорий этиш таклиф қилинди. Даволашда эса халқаро тавсияларга асосланган клиник протоколларни миллий шароитга мослаштириш, амалиётга татбиқ этиш ва натижаларини мунтазам баҳолаш кўзда тутилмоқда.

Соғлиқни сақлаш тизимида хусусий сектор иштирокини кенгайтиришга доир қарор лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. Унда тиббий ва ёрдамчи хизматларни, жумладан, гемодиализ, лаборатория диагностикаси, ташхислаш ҳамда ускуналарга техник хизмат кўрсатишни аутсорсинг асосида харид қилиш таклиф этилган. Бир йиллик шартномалар ўрнига беш йилгача бўлган ҳамкорлик механизмларини қўллаш хусусий шерикларга ускуна ва хизматларга узоқ муддатли сармоя киритиш имконини беради.
Бунда давлат тиббиёт муассасаси хизматни харид қилади, хусусий ташкилот эса зарур ускунани ўз ҳисобидан олиб келиб, унинг ишлаши ва янгиланишини таъминлайди. Харидларни ташкил этиш учун ягона тендер ҳужжатлари ва электрон тизим жорий этиш, айрим муассасаларни профессионал компанияларга бошқарувга бериш имкониятлари кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари тақдимот қилинган таклифларни пухта ишлаб чиқиб, босқичма-босқич амалиётга жорий қилиш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.