Тошкентда халқаро сайёҳлик ярмаркаси ва инвестиция форумига тайёргарлик кўрилмоқда
25–27 ноябрь кунлари “Central Asian Expo Uzbekistan” (CAEx) кўргазма мажмуасида “Ипак йўлида туризм” халқаро сайёҳлик ярмаркаси бўлиб ўтади. Ушбу нуфузли анжуманда халқаро ташкилотлар, авиакомпаниялар, меҳмонхона бизнеси вакиллари, туроператорлар ва сармоядорлар жам бўлади.
Ярмаркага 15 минг нафардан ортиқ меҳмон ташриф буюриши кутилмоқда. Кўргазмада 30 дан зиёд мамлакатдан 100 дан ортиқ компания вакиллари қатнашади. Экспозиция 10 минг квадрат метр майдонни эгаллайди.
Тадбир доирасида инвестициявий ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Форум республикамиз ҳудудлари учун ишлаб чиқилган истиқболли лойиҳалар тақдимоти, хориж капиталини мамлакатимизга жалб этиш ҳамда бизнес вакиллари ва сармоядорлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш маконига айланади.
Форум кун тартибидан меҳмонхона ва курорт инфратузилмасини ривожлантириш, янги туристик зоналарни ташкил этиш, транспорт-логистика тизимини модернизация қилиш ҳамда соҳага замонавий технологияларни жорий этиш масалалари ўрин олган. Шунингдек, MICE-туризм, кинотуризм ва концерт туризмининг чет эллик саёҳатчиларни жалб қилишдаги янги йўналишлар сифатидаги истиқболлари ҳам муҳокама қилинади.
Ишбилармонлик дастури “UzAero” халқаро авиация форуми, туризм таълими форуми, “Global Media Campus” ва “ICCA Association & Business Events Forum” каби анжуманларни қамраб олади. Бундан ташқари, “Delicious Uzbekistan” гастрономия фестивали, “Etno Games” анъанавий ўйинлар фестивали, “Souvenirs and Craft Fair Uzbekistan” халқ ҳунармандчилиги кўргазмаси ҳамда “Silk Road Tourism Awards” мукофотини топшириш маросими ҳам бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Ушбу халқаро ярмарка Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилиш, хорижий ҳамкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш ва соҳага сармоя жалб этишни рағбатлантиришга қаратилган. Унинг доирасида илк бор инвестиция форумининг ўтказилиши эса ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириб, туризм индустриясини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Ораш Акабоев, ЎзА