Ангорликлар қишга қандай тайёргарлик кўрди?
Аёзли фасл бошланмоқда. Кексаларимиз таъбири билан айтганда, мезон чиқиб, ақраб кирадиган кунлар яқинлашяпти. Изғиринли, совуқ кунлар олдидан жойларда қиш фаслини беталафот ўтказишга алоҳида тайёргарлик кўрилмоқда.
Халқимизда қишнинг куни қирқ турли, қирқови ҳам қилиқли, деган пурмаъно гап бежиз айтилмаган. Ўзгарувчан қиш об-ҳавоси кутилмаган бўронли, совуқ кунлари билан кишини синовдан ўтказади. Қиш фаслининг мўътадил ёки совуқ келиши ҳам кузда аён бўлиб қолади. Бу йил хазонрезги фаслда тоғларга қўнган оппоқ қор қишли-қировли кунлар яқин эканидан дарак бераётганга ўхшайди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, жорий йил Сурхондарё вилоятидаги тоғларга ҳам илк қор эрта тушди. Ҳарорат пасайди. Иссиқ ҳаво ўтган йилга нисбатан эртароқ чекиниб, ўрнини илиқлик эгаллади. Куз ёмғири ёғиб, вилоятда совуқ кунлар эшик қоқаётганидан хабар берди.
Маълумотларга кўра, жанубдаги вилоятда 540 мингдан ортиқ хонадонда қарийб 743 минг оила яшайди. Уларнинг 150 мингдан ортиғи табиий газдан фойдаланади. Бу рақам хонадонларни иситиш учун кўмир ёқилғисига эҳтиёж юқорилигини англатади. Воҳанинг Ангор туманида тўрт мингга яқин хонадон табиий газ тармоғига уланган. Демак, туманда қиш учун кўмир захирасини яратиш муҳим вазифалардан бири саналади.

– Бу йил қиш туманимизга ўтган йиллардан эртароқ келадиган об-ҳаво улашмоқда, – дейди Ангор тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Гавҳар Жумаева. – Туманда куз-қиш мавсумини беталафот ўтказишга ҳам тайёргарлик якунига етмоқда. Аҳоли ис газидан эҳтиёт бўлишга, қўлбола иситиш ускуналаридан фойдаланмасликка чақирилиб, хонадонлар ва ижтимоий соҳа объектларини кўмир ёқилғиси билан таъминлашга алоҳида аҳамият берилмоқда. Шунингдек, истеъмолчиларга барқарор табиий газ ва электр энергияси етказиб бериш бўйича ҳам зарур чора-тадбирлар белгилаб олинган.
Туманда аҳолининг совуқ кунларда шошиб қолмаслиги учун куз-қиш мавсумига 7 минг 675 тоннага яқин кўмир жамғарилди. Беш минг тоннага яқин захира яратилди. Жамғарилган қаттиқ ёқилғининг тўрт минг тоннага яқини ижтимоий соҳа объектларига, тўрт ярим минг тоннадан ортиғи аҳоли хонадонларига тақсимланган. Мавжуд 88 та ижтимоий соҳа муассасасига тақсимланган кўмир тўлиқ етказиб берилди. Аҳоли учун ажратилган 4 578 тонна қаттиқ ёқилғининг қарийб икки минг тоннаси тарқатилди.

Айни кунларда хонадонларга кўмир тарқатиш белгиланган режа асосида давом эттирилмоқда.
Нилуфар Бозорова, ЎзА мухбири