Термизийлар мероси дунё исломшунослари нигоҳида
Термиз шаҳридаги Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида “Ҳаким Термизий илмий-маънавий меросининг бугунги кундаги аҳамияти” мавзуига бағишланган халқаро илмий конференция бўлиб ўтмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 24 июлдаги “Буюк ватандошимиз, ҳадис ва тасаввуф илмининг етук намояндаси Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган анжуманда хорижлик ва маҳаллий таниқли олимлар, исломшунослар, шарқшунослар, тасаввуфшунос мутахассислар, халқаро илмий-тадқиқот марказлари вакиллари, мамлакатимиздаги олий таълим ва илмий муассасалар олимлари иштирок этмоқда.

Халқаро илмий анжуман Қуръони карим тиловати билан бошланди.

Конференцияни вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов очиб, иштирокчиларни табриклади. Улуғ аждодларимиз меросини чуқур ўрганиш, муқаддас қадамжоларни обод қилиш, илмий-тадқиқот марказлари барпо этиб, алломаларимиз ҳаёти ва асарларини тадқиқ этиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича сўз юритди. Конференция ишига муваффақият тилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими Эргаш Даминов, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси ўринбосари, профессор Даврон Махсудов, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Хомиджон Исматбеков, Малайзиянинг Сабаҳ вилояти муфтиси Датук Бунгсу Абд Азиз бин Жаъфар, Қирғизистон Ислом академияси ректори Эрмамат Эргашев, Термиз давлат университети ректори Абдуқодир Тошқулов сўзга чиқиб, анжуман ташкилотчиларига миннатдорлик билдирди. Анжуман қатнашчиларини муборакбод этди. Мамлакатимизда муқаддас ислом дини ривожига ўз ҳиссасини қўшган буюк мутафаккирларимизнинг ҳаёти ва илмий изланишларини ўрганиб, тадқиқ этиш йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ва жаҳон мулкига айланган асарларининг мазмун-моҳияти, бугунги кундаги аҳамияти ҳақида фикр юритди.

Ўтмишдан кўҳна Термизда улғайган буюк алломалар ислом тамаддунининг юксалиш даврини яратишга ҳадис, ақида илми, фиқҳ, тасаввуф ва маънавий-руҳий тарбия масалаларидаги таълимоти билан катта ҳисса қўшган. Ўз даврида бу юртнинг маърифат маскани нафақат диний, балки дунёвий-адабий соҳаларда ҳам ислом маданиятини бойитган олиму фузалолари билан жаҳонга танилган.

Сайёрамизда глобаллашув жараёнлари кечаётган бизнинг давримизда ҳам Термизийлар меросининг илмий, маънавий ва тарбиявий аҳамияти тобора ошиб бормоқда. Замонавий илм-фан, психология, диншунослик, ахлоқий тарбия каби соҳаларда кенг ўрганилиб, амалиётга жорий этилмоқда. Айниқса, кейинги йилларда улуғ аждодларимиз меросини ўрганишга қаратилаётган юксак эътиборни жаҳон ҳамжамияти алоҳида эътироф этмоқда. Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази бой меросни ўрганиб, нодир қўлёзмаларни тадқиқ этмоқда. Халқаро миқёсда тарғиб қилаётир.

Ҳаким Термизий IХ-Х асрларда яшаб, ислом илмлари ва маънавий тафаккур тараққиётида ўз ўрнига эга бўлган буюк мутафаккир. "ал-Ҳаким" унвони берилган ул зотнинг инсон қалби ва руҳияти, маърифат, ахлоқ, нафс тарбияси, илм ва маънавий камолотга оид қарашлари асрлар давомида ўз аҳамиятини йўқотмай, инсонларни эзгу амалларга чорлаб келмоқда. Улуғ мутафаккирнинг “Хатм ул-авлиё”, “Адаб ун-нафс”, “Баён ул-фарқ” сингари кўплаб асарларида илгари сурилган ғоялар бугунги кунда ҳам инсон маънавиятини юксалтириб, жамиятда эзгулик, бағрикенглик ва маърифий тафаккурни қарор топтиришда муҳим илмий-маънавий манба бўлиб хизмат қилмоқда.

Буюк алломага бешик бўлган муқаддас заминда ўтказилаётган конференция ҳам Ҳаким Термизий илмий-маънавий меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиб, ул зотнинг асарларини замонавий илмий ёндашувлар асосида тадқиқ этишга, хорижлик ва маҳаллий олимлар ўртасида илмий ҳамкорликни ривожлантиришга, аллома илгари сурган маърифат, маънавий камолот ва инсонпарварлик ғояларининг ҳозирги даврдаги ўрнини очиб беришга қаратилгани билан аҳамиятли бўлмоқда.

Халқаро анжуманнинг ялпи мажлисида мамлакатимиз ва хорижлик олимларнинг “Тасаввуф ва шиалик ўртасидаги алоқадорлик: Ҳаким Термизий мисолида”, “Методологик ёндашувлар: Холид Заҳрийнинг “Ҳаким Хуросон ва Анису-з-замон” асаридаги таҳлилий тадқиқот”, “Ҳаким Термизий ва Абу Мансур Мотуридийнинг ақидавий қарашлари ва ғоявий алоқадорлиги масаласи”, “Имом Термизий қарашларида танқидий истилоҳлар (тузилиши ва мазмуний хусусиятлари таҳлили)” сингари мавзудаги маърузалари тингланди.
Конференция хорижлик ва маҳаллий исломшунос олиму илмий тадқиқотчиларининг “Ислом цивилизацияси ривожида Ҳаким Термизий ва термизийлар мактаби” ҳамда “Термизий маънавий мероси-замонавий глобал таҳдидларга ечим” мавзуига бағишланган шуъба йиғилишларида давом этмоқда.

Илмий анжуман кўҳна ва ҳамиша навқирон заминнинг бой илмий-маърифий анъаналарини халқаро ҳамжамиятга янада кенг танитиб, Ўзбекистоннинг ислом тамаддуни ривожига қўшган тарихий ҳиссасини намоён этиш ва мамлакатимизда буюк алломалар меросини ўрганиб, тарғиб қилиш юзасидан амалга оширилаётган эзгу ишларга халқаро ҳамжамият эътиборини қаратишга хизмат қилиши билан иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Конференция якунида Ҳаким Термизий илмий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш, илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтириб, халқаро илмий алоқаларни мустаҳкамлаш, келгусидаги ўзаро ҳамкорлик йўналишларини белгилашга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири