Қўшимча қулайликлар яратилади
Халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш, транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва чегара-божхона инфратузилмасини замон талаблари асосида такомиллаштириш мамлакатимиз иқтисодий тараққиётининг муҳим йўналишларидан биридир. Айниқса, халқаро юк ташувлари ҳажми ортиб бораётган бугунги шароитда чегара пунктларида тезкорлик, қулайлик ва хизматлар сифатига бўлган талаб янада кучаймоқда.
Давлат раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда транспорт-логистика тизимини ривожлантириш, экспорт ва транзит имкониятларини кенгайтириш, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ҳамда тадбиркорлар ва ташувчилар учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада чегара ҳудудларидаги инфратузилмани такомиллаштириш амалий натижаларга эришишнинг муҳим омили ҳисобланади.
Ана шу вазифалар ижроси доирасида Бухоро вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Б. Муродовнинг “Олот” чегара божхона постидаги навбатдаги ўрганишлари давомида маҳаллий ва халқаро юк ташувчилар билан очиқ мулоқот ўтказилди.

Унда халқаро ташувлар жараёнида божхона расмийлаштируви билан боғлиқ масалалар, юзага келаётган муаммоларни тезкор ҳал этиш, хизматлар самарадорлигини ошириш ва ташувчиларнинг таклифларини амалиётга татбиқ қилиш масалалари муҳокама этилди. Мулоқотда ташувчиларнинг фикр ва мурожаатларини бевосита эшитиш, мавжуд тўсиқларни жойида аниқлаш ҳамда уларнинг ечими бўйича аниқ чоралар белгилашга эътибор қаратилди.
Шунингдек, “Олот” божхона терминали масъуллари билан ўтказилган мулоқотда ортиб бораётган транспорт оқимига мос равишда терминал қувватини ошириш, автотураргоҳлар сиғимини кенгайтириш ва инфратузилмани янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Маълум қилинишича, терминал учун ажратилган 28 гектар ер майдонининг 8 гектарида автотураргоҳ барпо этилган. Айни пайтда яна 3,9 гектар майдонда қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Ўрганиш давомида ушбу ишларни жадаллаштириш, қурилиш жараёнларининг сифатли ташкил этилиши ва халқаро юк ташувчилар учун қўшимча қулайликлар яратиш юзасидан фикрлар алмашилди.
Рақамлар эса мазкур инфратузилманинг минтақавий транспорт тизимидаги аҳамиятини яққол кўрсатади. Жорий йил бошидан буён “Олот” божхона терминали хизматларидан кириш ва чиқиш йўналишларида жами 178 мингта юк автотранспорт воситаси фойдаланган.

Бу кўрсаткич чегара ҳудудидаги транспорт ҳаракати кўлами қанчалик кенгайиб бораётганини англатади. Бундай шароитда фақат мавжуд имкониятлар билан чекланиб қолмасдан, терминалнинг ўтказувчанлик қувватини ошириш, автотураргоҳлар ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини кенгайтириш, ортиқча кутишларни камайтириш муҳим аҳамият касб этади.
Зеро, чегарадаги ҳар бир дақиқалик тежамкорлик ташувчилар учун иқтисодий самара, экспортёрлар учун вақт ва харажатлар тежалиши, мамлакатимиз учун эса транзит жозибадорлигининг ортиши демакдир.
“Олот” чегара божхона постида олиб борилаётган ўрганишлар ва инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган ишлар ҳам айнан шу мақсадларга — халқаро юк ташувларини қулай, тезкор ва самарали ташкил этиш, Бухоро вилоятининг транспорт-логистика имкониятларидан тўлиқ фойдаланишга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири