Тошкентда синалаётган нурли «зебра» электр узилса ёки қор ёғса қандай ишлайди?
Пойтахтнинг Қумариқ кўчасида синов тариқасида замонавий, ёруғлик ёрдамида акс эттириладиган «зебра» (проекцион пиёдалар ўтиш жойи) ўрнатилди. Тунги вақтда ва ноқулай об-ҳаво шароитида пиёдалар хавфсизлигини оширишга қаратилган мазкур янгилик ҳайдовчилар ва аҳоли орасида катта қизиқиш уйғотмоқда.
Қизиқ, электр энергияси ўчганда ёки проектор ишдан чиққанда пиёдалар йўлакчаси қандай фаолият юритади? Шу билан бирга, жамоатчиликни кундузги қуёш нурида проекциянинг кўриниши, ёруғлик ҳайдовчилар кўзини қамаштириш-қамаштирмаслиги ҳамда ёғингарчилик пайтида кўриш даражасига таъсир қилиши каби жиҳатлар қизиқтирмоқда.
Юзага келаётган ушбу саволлар бўйича Тошкент шаҳрида йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази ахборот хизмати бошлиғи Убайдулла Муҳамедов батафсил маълумот берди.
Унинг таъкидлашича, мазкур проекцион ускуна фақат ёрдамчи восита ҳисобланади ва кечки пайт йўл ётиқ белгиларининг кўринишини кучайтиришга хизмат қилади. Асфальт юзасидаги одатий йўл ётиқ белгилари бекор қилинмайди. Улар давлат стандартида белгиланган муддатларда мунтазам равишда чизиб борилади. Шунга кўра, йўл ётиқ чизиқларини бир йилда 4 мартагача янгилаш талаби сақланиб қолади ва проекцион қурилманинг ўрнатилиши бу жараён даврийлигини камайтирмайди.
Шунингдек, кундузи ва тунда ишлаш тартиби тушунтирилди. Унга кўра, қуёш нурида проекция кўринмагани сабабли ускуна кундуз кунлари ўчиқ ҳолатда туради. Қоронғи тушиши билан ишга тушадиган қурилма нури йўл ётиқ чизиқларига айнан ҳайдовчи ҳаракатланаётган томондан йўналтирилади. Бу эса, ўз навбатида, ҳайдовчиларнинг кўзини қамаштирмаслик имконини беради. Йўл четида турган пиёдаларнинг ҳайдовчиларга кўриниши эса кўча чироқлари ёруғи ҳисобига таъминланиши кўзда тутилган.
– Қурилманинг техник кўрсатмаларида қор ва ёмғирли об-ҳавода ўз хусусиятини йўқотмаслиги қайд этилган бўлса-да, бу жиҳатлар амалда синаб кўрилади, – дейди Убайдулла Муҳамедов. – Синов муддати 30 кун (ёки қор ёққунига қадар) этиб белгиланган. Мазкур пилот лойиҳа давомида технологияни пойтахтнинг бошқа кўчаларига ҳам жорий этиш масаласини ҳал қилиш учун эса қуйидаги асосий мезонлар ўрганилади: ускунанинг ёмғир ва қорда ўз хусусиятини йўқотмаслиги, об-ҳаво инжиқликларига чидамлилиги, автомобиллар томонидан пиёдаларга йўл бериш кўрсаткичининг ошганлиги, пиёдалар йўлакчасига яқинлашаётган транспорт воситалари тезлигининг пасайиши ҳамда ҳайдовчилар ва маҳаллий пиёдаларнинг мазкур янгилик борасидаги фикр-мулоҳазалари.
Синов жараёнлари муваффақиятли якунланиб, технология ўз самарадорлигини исботласа, нурли «зебра»ларни Тошкент шаҳрининг бошқа ҳудудларида ҳам босқичма-босқич ўрнатиш режалаштирилган.
Моҳичеҳра Эшмирзаева, ЎзА