Навоийда ижтимоий хизмат ходимлари касбий тайёргарликдан ўтмоқда
Мамлакатимизда ўзгалар парваришига муҳтож, жумладан, ёлғиз ва ёлғиз яшовчи кексалар ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг муносиб турмуш кечириши учун зарур шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада уйда ижтимоий-маиший ёрдам кўрсатувчи ходимларнинг меҳнати муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур ходимлар ижтимоий кўмакка муҳтож фуқароларнинг хонадонларига мунтазам бориб, уларнинг кундалик юмушларига ёрдамлашиш, озиқ-овқат ва бошқа зарур маҳсулотларни етказиб бериш, ҳолидан хабар олиш каби хизматларни амалга оширади.
Табиийки, бундай вазифаларни сифатли бажариш ходимлардан нафақат меҳр-оқибат ва эътибор, балки етарли касбий билим ҳамда амалий кўникмаларни ҳам талаб этади. Шу мақсадда уйда ижтимоий-маиший ёрдам кўрсатувчи мутахассисларни махсус ўқув дастури асосида тайёрлаш ишлари йўлга қўйилмоқда.
Хусусан, Навоий вилоятида тажриба-синов тариқасида 10 нафар ходим Вилоят ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимларини касбий ривожлантириш институтида «Парваришлаш хизматларини кўрсатувчи ходим» касби бўйича таҳсил олмоқда.
Ўқув машғулотлари давомида тингловчиларга кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар билан тўғри мулоқот ўрнатиш, шахсий гигиена қоидаларига риоя этишда кўмаклашиш, уларнинг хавфсиз ҳаракатланиши, овқатланиши ва кундалик эҳтиёжларини қондиришига ёрдам бериш каби зарур кўникмалар ўргатиляпти. Шунингдек, уй шароитида хавфсиз муҳит яратиш ҳамда фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш масалаларига ҳам эътибор қаратилган.
[gallery-32651]
Дастур доирасида инсон қадр-қиммати, ҳуқуқлари ва шахсий дахлсизлигини ҳурмат қилиш, ижтимоий ёрдамга муҳтож фуқароларнинг ҳолатини кузатиб бориш, зўравонлик ва эътиборсизлик аломатларини аниқлаш, зарур ҳолларда тегишли мутахассисларга хабар бериш тартиби ҳам ўргатилмоқда.
Муҳими, машғулотлар жараёнида назарий билимлар амалий кўникмалар билан мустаҳкамланиб, тингловчиларнинг кундалик фаолиятида юзага келиши мумкин бўлган турли вазиятларга тўғри ёндашиш малакасини шакллантиришга аҳамият берилмоқда.
Мазкур ташаббусдан кўзланган асосий мақсад ёлғиз ва ёлғиз яшовчи кексалар ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларга уй шароитида кўрсатилаётган ижтимоий-маиший хизматлар сифатини ошириш, уларнинг хавфсизлиги, мустақил ҳаёт кечириш имкониятлари ва турмуш шароитларини яхшилашдан иборат. Шу билан бирга, бу йўналишда фаолият юритаётган ходимларнинг касбий салоҳиятини юксалтиришга ҳам хизмат қилади.
Сирож АСЛОНОВ (сурат+видео), ЎзА