«Жадидлар изидан» танловининг Наманган вилояти босқичи ғолиблари аниқланди
Наманган вилоятида умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида «Жадидлар изидан» республика танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Жадид маърифатпарварларининг ҳаёти, фаолияти ва бой маънавий меросини кенг тарғиб этиш, ёшларнинг тарихий тафаккури, китобхонлик маданияти ҳамда ижодий салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган мазкур танловда қатнашиш учун жами 61 минг 489 нафар ўқувчи рўйхатдан ўтган.
Саралаш жараёнлари якунида туман ва шаҳар босқичларида биринчи ўринни қўлга киритган 28 нафар ўқувчи вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди.
Иштирокчилар 6–8 ҳамда 9–10-синфлар тоифаларида «Бошқотирма», «Асар таҳлили» ва «Иншо» шартлари бўйича беллашди. Улар жадидлар ҳаёти ва ижодига оид билимларини намойиш этиш билан бирга, асарларни таҳлил қилиш, мустақил фикрлаш ҳамда ўз қарашларини ёзма равишда ифодалаш борасидаги маҳоратини синовдан ўтказди.
Якуний натижаларга кўра, 6–8-синф ўқувчилари ўртасида Чортоқ тумани вакили Сабрина Отавалиева биринчи ўринни эгаллади. 9–10-синфлар тоифасида эса Янгиқўрғон туманидан Нафосат Исоқжонова ғолибликни қўлга киритди.
Танлов якунида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
[gallery-32673]
Мазкур танлов ёш авлодни жадид боболаримизнинг маърифатпарварлик ғоялари, миллий тараққиёт йўлидаги эзгу интилишлари ва бой адабий мероси билан яқиндан таништириш, уларда тарихий хотира ҳамда китобхонликка қизиқишни мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА