Хотин-қизлар манфаатлари ва ижтимоий фаоллиги — эътиборда
Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университетида 25 ноябрь — Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш халқаро куни муносабати билан кадастр тизимида фаолият юритаётган хотин-қизлар иштирокида семинар ва сайёр қабул ташкил этилди.
Тадбирда Кадастр агентлиги ва Давлат кадастрлари палатасининг вилоят бошқармалари, шунингдек, уларнинг туман ва шаҳар филиалларида фаолият юритаётган хотин-қизлар иштирок этди.
Семинарда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни маънавий-маърифий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳамда касбий фаолиятда хизмат маданиятини юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Соҳа мутахассислари, ички ишлар органлари ходимлари ва психологлар томонидан соғлом турмуш тарзини шакллантириш, маънавий-маърифий билимларни бойитиш, интернет имкониятларидан оқилона ва самарали фойдаланиш мавзуларида маърузалар қилинди. Иштирокчиларга ушбу йўналишларда зарур тушунчалар берилди.
Тадбир доирасида хотин-қизларнинг касбий билим ва салоҳиятини намоён этиши учун ҳам кенг имконият яратилди. Соҳага оид викториналар, савол-жавоблар ва билимлар беллашуви ўтказилиб, иштирокчилар ўзаро тажриба алмашди, ўз билим ва кўникмаларини синовдан ўтказди.
Шунингдек, кадастр тизими ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, касбий маҳорати ва жамоат ишларидаги ташаббускорлиги билан ажралиб турган бир гуруҳ хотин-қизларнинг меҳнати эътироф этилди.
Кадастр агентлиги ва Давлат кадастрлари палатасининг вилоят бошқармалари ҳамда Республика аэрогеодезия маркази Сурхондарё ҳудудлараро бўлинмаси раҳбарлари томонидан фаол ходималарга ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
[gallery-32669]
Мазкур тадбир хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий салоҳияти ва ижтимоий фаоллигини ошириш, меҳнат жамоаларида соғлом маънавий-психологик муҳитни мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА