Тошкентда Ўзбекистон—Иордания ректорларининг илк форуми ўтказилмоқда
Пойтахтимизда Ўзбекистон ва Иордания олий таълим муассасалари раҳбарлари иштирокида Ўзбекистон–Иордания олий таълим ташкилотлари ректорларининг биринчи форуми ўз ишини бошлади. Мазкур халқаро форум Ўзбекистон Республикаси Таълим ва илм-фан вазирлиги ҳамда Иордания Таълим ва инсон ресурсларини ривожлантириш вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилди.
Форумнинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққанлар Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги таълим ҳамкорлигини янги мазмун билан бойитиш, олий таълим ташкилотлари ўртасидаги алоқаларни амалий натижаларга йўналтиришнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди.
Ўзбекистон ва Иордания университетлари ўртасида илк бор ўтказилаётган ректорлар форуми икки мамлакат таълим ва илм-фан алоқалари учун янги имкониятлар эшигини очиши кутилмоқда.
Тадбир доирасида Иорданиянинг 16 та университети ректорлари ҳамда Ўзбекистоннинг 19 та етакчи олий таълим муассасаси вакиллари бир майдонда жамланди.
Форум кун тартибидан бугунги кунда жаҳон иқтисодиёти ва меҳнат бозорида тобора муҳим аҳамият касб этаётган йўналишлар ўрин олган. Хусусан, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар, муҳандислик таълими ҳамда саноат интеграцияси, қайта тикланувчи энергия манбалари ва яшил технологиялар, сув ресурсларини самарали бошқариш масалалари муҳокама қилинади. Шунингдек, тиббий таълим ва фармацевтика, қўшма таълим дастурлари, илмий тадқиқотлар ҳамда академик алмашинув бўйича ҳамкорлик истиқболларига алоҳида эътибор қаратилади.
Иордания делегациясига Таълим ва инсон ресурсларини ривожлантириш вазири, профессор Азми Маҳафзаҳ бошчилик қилмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА