Тошкентда Марказий Осиё сув хўжалиги мутахассислари тажриба алмашмоқда
Бугун Тошкент шаҳрида “Марказий Осиё сув хўжалигида иқлим ўзгариши шароитида сув тежовчи суғориш технологиялари ва рақамли ечимларни жорий этиш” мавзусида минтақавий тренинг бошланди.
Сув хўжалиги вазирлиги ташаббуси билан Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси ва “Blue Peace Central Asia” (BPCA) лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбирда Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистондан сув хўжалиги соҳаси мутасаддилари, олимлар ва мутахассислар иштирок этмоқда.
Тадбирнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Зокир Ишпўлатов, Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлигининг сув ресурслари, инфратузилмалар ва иқлим ўзгариши масалалари бўйича минтақавий мутахассиси Ашанти Блейх, Сувчилар мактаби директори Фарҳод Саидов, “Blue Peace Central Asia” лойиҳаси раҳбари ўринбосари Назокат Исаева ва бошқалар сўзга чиқди.

Унда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, иқлим ўзгариши шароитида сув танқислигининг салбий таъсирини камайтириш ҳамда қишлоқ хўжалигида замонавий суғориш технологияларини кенг жорий этиш муҳимлиги таъкидланди. Шунингдек, Марказий Осиё давлатлари ўртасида тажриба алмашиш, соҳадаги илғор ёндашув ва ечимларни ўзаро оммалаштириш зарурлиги қайд этилди.
Таъкидланганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан сўнгги йилларда Ўзбекистонда сув хўжалигини модернизация қилиш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Соҳанинг замонавий норматив-ҳуқуқий базаси шакллантирилиб, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлаш механизмлари йўлга қўйилди. Сув тежовчи технологияларни жорий этаётган хўжаликларни рағбатлантириш мақсадида субсидия ва имтиёзли кредитлар ажратиш тизими жорий қилинди. Шу билан бирга, бугунги кунда томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш ускуналарини маҳаллий ишлаб чиқариш изчил ривожлантирилмоқда. Бу эса замонавий суғориш усулларидан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтираётир.

Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Зокир Ишпўлатовнинг таъкидлашича, бугун Марказий Осиё мамлакатлари иқлим ўзгариши, аҳоли сонининг ортиши, сувга бўлган эҳтиёжнинг кўпайиши ва сув ресурсларининг қисқариши билан боғлиқ жиддий муаммоларга дуч келмоқда.
– Бундай шароитда ҳар бир куб метр сувдан самарали фойдаланиш озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш ва экологик мувозанатни сақлашнинг муҳим шартига айланмоқда. Шу боис, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, сув хўжалигини рақамлаштириш ва соҳа мутахассисларининг касбий салоҳиятини ошириш Ўзбекистон давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан сув хўжалигини модернизация қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари жорий этилди. Сув тежовчи технологияларни татбиқ этиш учун субсидиялар ва имтиёзли кредитлар ажратилмоқда, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш ускуналарини маҳаллий ишлаб чиқариш ривожлантирилмоқда.

Кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида замонавий суғориш усулларидан фойдаланилаётган майдонлар йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Шу билан бирга, мутахассислар ва фермерларнинг малакасини ошириш, суғориш тизимларидан самарали фойдаланишни такомиллаштириш ҳамда сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда, – деди З. Ишпўлатов.
Қайд этилганидек, ушбу тадбирдан кўзланган мақсад Марказий Осиё мамлакатлари сув хўжалиги мутахассисларининг касбий салоҳиятини ошириш, ўзаро тажриба алмашишни кенгайтириш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, замонавий суғориш технологияларини жорий этиш ва соҳани рақамлаштириш бўйича амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдир.
Сувчилар мактаби директори Фарҳод Саидов тренинг дастурида сув тежовчи технологияларни жорий этиш билан бир қаторда, бу жараёнларни рақамлаштириш ва иштирокчиларга амалий кўникмалар беришга ҳам алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлади.

– Дастурнинг алоҳида қисми сув тежовчи суғориш тизимларини жорий этиш жараёнларини рақамлаштиришга бағишланган. Унда “Томчи” мобил иловаси, ягона электрон “ТОМЧИ” реестри ҳамда сувдан фойдаланувчиларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилувчи бошқа рақамли воситалар тақдим этилади. Шунингдек, амалий машғулотларда томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизимлари, сув тежовчи эгатлаб суғориш усуллари ҳамда тупроқ остидан суғориш технологияларига алоҳида эътибор қаратилади. Аҳамиятлиси, ушбу минтақавий тренинг сув тежамкорлиги, рақамлаштириш ва иқлим ўзгаришига мослашув йўналишларида Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги касбий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашишни кенгайтириш ва илғор ечимларни оммалаштиришга хизмат қилади, – дея таъкидлади у.
Тренинг доирасида иштирокчилар Сувчилар мактабининг тажриба-намойиш майдончасида метеостанциялардан фойдаланиш, метеорологик маълумотлар асосида суғориш режимини белгилаш ва сувни экин эҳтиёжидан келиб чиқиб бошқариш усуллари билан танишади.
Тренинг якунида эса “Дебют” (Agrodrip) заводига ташриф буюриб, сув тежовчи суғориш тизимлари учун зарур элементларни ишлаб чиқариш ва лойиҳалаш жараёнларини ўрганиш режалаштирилган.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА