Бир нуроний — ўн ёш тақдирига масъул
Ўзбекистон Республикаси Президентининг кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, бой ҳаётий тажрибаси ва маънавий салоҳиятидан самарали фойдаланиш, шунингдек, ёшлар тарбиясидаги ўрнини янада мустаҳкамлашга қаратилган қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида Боёвут туманида «Бир нафар нуроний — ўн нафар ёшга масъул» мавзусидаги кўрик-танловнинг туман босқичи ўтказилди.
Туман «Ёшлар маркази» биносида ташкил этилган тадбирда маҳаллаларда ёшлар билан ишлашда фаол иштирок этаётган нуронийлар, масъуллар ва жамоатчилик вакиллари қатнашишди.

Тадбирнинг очилиш қисмида туман раҳбари Ниёз Ҳазратқулов сўзга чиқиб, нуронийларнинг кўп йиллик ҳаётий тажрибаси, бой маънавий мероси, ибратли ҳаёт йўли ва доно маслаҳатлари ёш авлодни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, меҳнатсеварлик ҳамда юксак инсоний фазилатлар руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Шунингдек, ёшлар билан ишлашда нуронийларнинг фаол иштирокини таъминлаш, уларнинг ҳаётий тажрибасидан самарали фойдаланиш ва авлодлар ўртасидаги маънавий боғлиқликни янада мустаҳкамлаш муҳим вазифалардан бири экани қайд этилди.

Кўрик-танлов давомида иштирокчилар маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш борасида амалга ошираётган ишлари, маънавий-маърифий ташаббуслари, ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, турли ижтимоий лойиҳа ва тадбирларга жалб қилиш борасидаги тажрибалари ҳақида тақдимотлар билан иштирок этдилар.

Иштирокчиларнинг ёшлар билан ишлашдаги фаоллиги, ташаббускорлиги, амалга оширган ишлари ва уларнинг самарадорлиги, шунингдек, жамоатчилик ҳаётидаги иштироки белгиланган мезонлар асосида баҳоланди.

Танлов якунига кўра, 1-ўринга Бобоюрт маҳалласининг фаол нуронийси Облоқул Алиев, 2-ўринга Навбаҳор маҳалласидан Абдуғаффор Абдунабиев, фахрли 3-ўринга эса Ижодкор маҳалласидан Ойшахон Усмонова муносиб кўрилди.

Тадбир якунида ғолиблар «Нуроний» жамғармасининг фахрий ёрлиқлари ҳамда пул мукофотлари билан тақдирланишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири