Синтобликлар орзуси ушалди
Мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида юртимизнинг барча ҳудудларида ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари кенг қулоч ёзмоқда. Сайхунобод туманидаги Синтоб маҳалласида амалга оширилган йўлсозлик ишлари ҳам ана шу эзгу саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодаси бўлди. Йиллар давомида қониқарсиз ҳолатдаги йўллардан фойдаланиб келган маҳалла аҳолиси учун янги асфальт қопламаси катта қувонч ва муносиб байрам туҳфасига айланди.
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 5 февралдаги “2026 йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш, даромад манбаларини кенгайтириш ва инфратузилмани яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Синтоб маҳалласидаги ўзгаришлар ҳам шу мақсадлар билан уйғун. Давлатимиз раҳбарининг қарори ижроси доирасида маҳалланинг ички кўчаларида кенг кўламли таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Яссавий, Беҳбудий, Бодомзор, Интизор, Увайсий, Настарин, Ҳунарманд-1 берк, Маржонбулоқ ҳамда Боғи Эрам кўчаларининг жами 3,8 километр қисмига замонавий асфальт қопламаси ётқизилди.

Бу ўзгаришлар 5940 нафар аҳоли истиқомат қиладиган 827 та хонадон учун муҳим қулайлик яратди. Илгари шағал ва нотекис йўллардан фойдаланиб келган маҳалла аҳли, айниқса, ёмғирли кунларда ҳаракатланишда қийинчиликларга дуч келар эди. Янги асфальт қопламаси туфайли пиёдалар ва транспорт воситалари ҳаракати анча енгиллашди. Тез тиббий ёрдам, коммунал ва бошқа хизматларнинг маҳаллага етиб бориши учун ҳам қулай шароит яратилди.

— Маҳалламизнинг асосий иқтисодий драйвер йўналишлари деҳқончилик ва чорвачилик ҳисобланади. Аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида чорвачилик, иссиқхона хўжалиги ва бошқа йўналишларда ҳам имкониятлар кенгайтирилмоқда. Сўнгги бир йилда 156 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланди, — дейди «Синтоб» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Азамат Жўраев.

Дарҳақиқат, бугун маҳаллада инфратузилмани яхшилаш билан бир қаторда, аҳолининг даромад манбаларини кўпайтиришга ҳам устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Зеро, обод инфратузилма ва барқарор бандлик аҳоли фаровонлигининг муҳим таянчидир.
«Ободлик ва меҳр-саховат» ойлиги доирасида ҳам маҳаллада кенг кўламли ободонлаштириш ишлари олиб борилди. 15 та ички кўчага замонавий асфальт қопламаси ётқизилиб, ободонлаштириш ишлари билан қамров 100 фоизга етказилди.

Аҳоли бу ўзгаришларни Мустақилликнинг 35 йиллиги арафасидаги муносиб туҳфа сифатида қабул қилмоқда. Чунки равон йўл, обод кўча ва қулай инфратузилма — аҳоли кундалик ҳаётини енгиллаштирадиган, турмуш шароитини яхшилайдиган муҳим қулайликлардир.
— Синтобдаги ўзгаришлар аҳоли ҳаётида яққол сезилмоқда. Йўлларимиз обод бўлди, ҳаракатланиш осонлашди. Бунинг учун, аввало, Президентимизга миннатдорчилик билдирамиз, — деди маҳалла фаоли Соҳибназар Соҳибов.
Маҳалладаги ишлар бу билан чекланмайди. Келгусида ишсиз фуқаролар сонини янада камайтириш, аҳоли даромадларини ошириш ва янги иш ўринлари яратиш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилади. Жумладан, «Яшил маҳалла» лойиҳаси доирасида дарахт экиш, гулзорлар барпо этиш ва томчилатиб суғориш тизимини жорий қилиш режалаштирилган. Хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаоллигини ошириш мақсадида тикувчилик, пазандачилик, ҳунармандчилик ва онлайн савдо йўналишларида ўқув курслари ташкил этилади.

Синтобдаги бунёдкорлик ишларида маҳалла аҳолисининг фаол иштироки ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Ҳашарлар, хайрия тадбирлари ва умумий жамоат ишларида аҳоли ҳамжиҳатлик билан қатнашиб, маҳалла ободлигига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Бугун Синтобдаги янгиланишлар фақат асфалтланган кўчаларда эмас. Улар аҳолининг кундалик турмушида, кайфиятида, янги имкониятларида ва эртанги кунга бўлган ишончида ҳам намоён бўлмоқда.

Мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида Синтобдаги бу янгиланишлар инсон қадри ва аҳоли фаровонлигига қаратилган ислоҳотларнинг маҳалладаги амалий ифодасидир. Зеро, обод маҳалла — фаровон ҳаётнинг, барқарор даромад эса оила хотиржамлигининг муҳим кафолтидир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири