Тошкентда кўчаларга қўшимча сув сепиш ишлари ташкил этилди
Аҳоли учун қулай шароитларни сақлаш, жазирама таъсирини юмшатиш ва кўчалардаги чанг миқдорини камайтириш мақсадида Тошкент шаҳрининг марказий ҳамда асосий кўчаларида қўшимча сув сепиш ишлари бошланди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълумотига кўра, мазкур ишлар махсус жадвал асосида ҳар куни амалга оширилади ва ҳаво ҳарорати барқарорлашгунга қадар давом эттирилади.
Сув сепиш ишлари Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси кўмагида транспорт ва пиёдалар оқими нисбатан камайган вақтларда ташкил этилмоқда.

Бу, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, аҳолига ноқулайлик туғдирмаслик ҳамда шаҳарда янада қулай муҳитни сақлаш имконини беради.
Шу билан бирга, газонлар, дарахтлар ва бошқа яшил ҳудудларда суғориш ишлари ҳам кучайтирилди.

Мазкур ишлар Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармаси, Тошкент шаҳар Махсус суғориш ускуналарини таъмирлаш ва сақлаш ихтисослаштирилган бошқармаси ҳамда Алоҳида аҳамиятга эга кўчаларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бошқармаси томонидан ҳамкорликда олиб борилмоқда.

Шунингдек, яқин вақт ичида шаҳар фаввораларининг узлуксиз ишлаши ҳам таъминланади. Бу иссиқ кунларда пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари учун янада салқин ҳамда қулай муҳит яратишга хизмат қилади.
Айни дамда Сергели туманидаги барча фавворалар тўлиқ қувватда ишга туширилди.Улар нафақат ҳудуд кўркига кўрк қўшмоқда, балки аномал иссиқ кунларда ҳавони намлантириб, аҳолимизга ёқимли салқинлик улашмоқда.
Гулноза Бобоева, ЎзА