Тошкентда агросаноат кўргазмалари иш бошлади
Пойтахтимизда бошланган учта халқаро кўргазма қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатига инновациялар олиб кирмоқда. 10 давлатдан 80 компания ҳосилдорликни ошириш ва харажатларни тежаш учун замонавий ечимларни тақдим этяпти.
Қишлоқ хўжалигида доимий янгиланиш ва самарадорликка интилиш муҳим. Деҳқон ҳосилини йиғиб, келгуси мавсумга ерни тайёрлар экан, ҳар доим юқорироқ натижаларга эришиш йўлларини излайди. Айнан шу мақсадда, соҳага инновацияларни жорий этиш, замонавий агротехнологияларни қўллаш муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу йил эрта баҳорда барака уруғини ерга қадаб, агротехникани тўғри ташкил этган кластер ва фермер хўжаликлари юқори ҳосил олгани фикримиз далилидир.
Айнан шундай имкониятлар пойтахтимизда бир вақтда иш бошлаган уч халқаро кўргазмада тақдим этилмоқда. Уларда қишлоқ хўжалигининг энг сўнгги ишланмалари, озиқ-овқат саноати учун зарур жиҳозлар, ускуналар ва қадоқлаш материаллари кенг ассортиментда намойиш қилиняпти. Иштирокчилар бу ерда мутахассислар билан маслаҳатлашиб, маҳсулотларни синаб кўриб, харид қилиш имкониятига эга.
17–19 ноябрь кунлари «Ўзэкспомарказ» марказий кўргазмалар мажмуасида ўтказилаётган ушбу йирик халқаро кўргазмада 10 та мамлакатдан 80 га яқин компания иштирок этмоқда. Жумладан, Беларусь, Эрон, Қозоғистон, Хитой, БАА, Корея Республикаси, Россия, Туркманистон ва Туркия вакиллари ўз маҳсулот ва замонавий ечимларини намойиш этмоқда.
Бу кўргазмалар тажриба алмашиш, янги ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш ва сармояларни жалб этиш учун самарали платформа ҳисобланади. Хусусан, бу ерда замонавий қишлоқ хўжалигини самарали бошқаришга имкон берувчи технологиялар ва дастурлар тақдим этилган. Улар ёрдамида бир киши бутун бошли хўжаликни назорат қилиб, маҳсулот етиштиришда ўғит, сув ва ишчи кучини тежаган ҳолда юқори натижаларга эришиши мумкин.
Иштирокчилар кўргазмада ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари, агрокимёвий препаратлар, ветеринария дори воситалари, томчилатиб суғориш тизимлари, шунингдек, қишлоқ хўжалиги техникаси ва ускуналарининг кенг турлари билан яқиндан танишиши мумкин.
Бир фурсат даласини ташлаб, ушбу инновацион кўргазмага ташриф буюрган фермерлар кўплаб янги алоқалар ўрнатади, соҳа олимлари билан мулоқотда бўлади, замонавий ускуналар ва улардан фойдаланиш сирларини ўрганади. Натижада, бу билим ва тажрибалар келгусида хўжаликларнинг ҳосилдорлигини оширишга муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.
Санжар Тошпўлатов,
Ойбек Давронов,
Искандар Исматов,
ЎзА