Бир байроқ бирлаштирган халқимиз
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганига 35 йил тўлиши муносабати билан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида миллий ўзлик, бирдамлик ва ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Байроқ бамисоли маънавий харитадир. У миллатнинг ўтмиши, бугуни ва эртасини, қадриятларини, янада ойдинроқ айтганда, аждодлар орзусини, халқнинг бугунги ғурурини ва келажак авлоднинг буюк мақсадларини ўзида мужассам этади.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи 1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган. Шу кундан бошлаб у мустақил давлатимизнинг суверенитети, халқимизнинг озод ва эркин ҳаёт сари танлаган йўлининг тимсолига айланди. Бугун байроғимиз 35 ёшга тўлмоқда. Тарих учун бу бир лаҳза, аммо бир авлоднинг бутун умри. Бугунги ёшларимизнинг деярли барчаси шу байроқ остида туғилган ва шу байроқ остида улғайган.
Тарих, бугун, келажак
Орадан унча кўп вақт ўтгани йўқ. Яқин-яқингача асосан тарихий шаҳарлари, буюк алломалари ва бой маданий мероси орқали танилган Ўзбекистонни дунё бугун янги ютуқлари, иқтидорли ёшлари, замонавий тафаккури ва халқаро майдондаги фаол иштироки орқали таний бошлади. Айниқса, сўнгги уч йилда дунёнинг турли қитъаларида – нуфузли спорт мусобақаларида, халқаро олимпиадаларда, илмий анжуманларда, таълим ва маданият майдонларида Ватанимиз байроғи тобора кўпроқ намоён бўлаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Бундан икки йил муқаддам Париж ёзги Олимпия ўйинларида Ватанимиз байроғи саккиз маротаба энг юқори пиллапояда ҳилпиради. Мамлакатимиз шарафини 19 та спорт турида 90 нафар спортчи ҳимоя қилди. Спортчиларимиз 8 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медалга сазовор бўлиб, умумжамоа ҳисобида 13-ўринни эгаллади. Бу мустақил Ўзбекистоннинг Олимпия тарихидаги энг юқори натижа бўлибгина қолмай, кейинги ютуқларимизнинг дебочаси ҳам бўлди. Шу ўйинларда Улуғбек Рашитов, Ҳасанбой Дўсматов ва Баҳодир Жалолов иккинчи марта Олимпия чемпиони бўлиб, байроғимизни икки Олимпиада оша баланд тутиш мумкинлигини исботлади.
Бугун ўзбек қизи Диёра Келдиёровани деярли бутун дунё танийди. Ҳар бир ғалабадан сўнг кўтарилган байроғимиз билан бирга ғуруримиз, халқимизнинг қувончи ва орзулари юксалди, «ЎЗ»имизга бўлган ишончимиз ортди. Миллий футбол терма жамоамиз тарихда илк бор жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиб, 2026 йилда байроғимизни дунёнинг энг катта футбол майдонларига олиб чиқди. Жаҳон ҳамжамияти олдида нафақат мамлакатимиз номи, балки миллий ўзлигимиз ва давлатчилигимиз тимсоли ҳам янада кенгроқ намоён бўлди.
Аслида буни шундай ифодалашга ҳақлимиз: жаҳон ҳамжамиятида «ўзбек», «ўзбекистонлик» деган ном минг йиллик тарихий хотира замирида янгидан қайд этилди.
Маълумки, рамзларимиз ва давлатчилик ғояларимиз асрлар оша шаклланган тарихий-маданий хотирамиз билан чамбарчас боғлиқ. Турон, Суғд, Хоразм, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар, Темурийлар ва кейинги давлатчилик даврлари халқимизнинг тарихий ўзлиги, рамзий тафаккури ва сиёсий маданияти шаклланишида муҳим ўрин тутган. Шу маънода қадимги байроқлар, туғлар, тамғалар ва ҳарбий нишонлар ҳам халқнинг ўз давлатини англаш, уни ҳимоя қилиш ва бирлашиш эҳтиёжини ифода этган. Аждодларимиз лашкарида туғ тик турган экан, қўшин ҳам тик турган, туғ йиқилса, сафлар саросимага тушган. Шунинг учун туғбардор энг мард ва энг ишончли йигитлардан танланган. Бу анъана бугун ҳам яшамоқда: байроқни баланд тутиш ҳамон шараф, уни ерга туширмаслик эса бурч саналади.
Тарихимиз бу борада бой сабоқларга эга. Юнон муаррихлари ёзиб қолдирган ривоятдаги чўпон Широқ Эрон шоҳи Дорийнинг улкан қўшинини сувсиз саҳрога бошлаб бориб, ўз жонини юрт озодлиги йўлида тикди. Жалолиддин Мангуберди эса 1221 йилда Синд дарёси бўйида Чингизхоннинг сон-саноқсиз лашкари қаршисида сўнгги имкониятгача курашиб, асирликдан кўра отини тик қирғоқдан дарёга солишни афзал кўрди. Уларнинг қўлида бугунги маънодаги байроқ бўлмаган, аммо қалбида Ватан бор эди. Байроқ эса айни шу туйғунинг кўзга кўринадиган шаклидир. Бугун уни баланд тутаётган ҳар бир авлод Широқ ва Жалолиддин каби мард аждодларнинг маънавий ворисидир.

Бугун бизни тинчликсевар ва тинчликпарвар халқ сифатида таниган дунё байроғимизга бир назар ташласин.
Мовий ранг – мусаффо осмон, ҳаёт манбаи бўлган сув, эзгулик, садоқат ва донишмандлик тимсоли. У халқимизнинг тарихий хотираси ва буюк давлатчилик анъаналари билан ҳамоҳанг. Амир Темур давлатчилиги билан боғлиқ мовий ранг анъанаси бу тимсолга янада чуқур тарихий мазмун бағишлайди. Ислоҳотларимизнинг бош мақсади ҳам тинчлик ва осойишталикни асраш, инсон учун муносиб ҳаёт шароитини яратиш, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган эмасми? Мовий ранг осмоннинг мусаффолигини қадрлашни, шу осмон остида яшаётган ҳар бир инсоннинг тинч ва фаровон ҳаёти учун масъул эканимизни эслатади. Бугун дунёнинг кўплаб нуқталарида осмондан тинчлик эмас, ўқ ва ракета ёғилаётган бир пайтда бу маъно янада оғирлик касб этади. Дипломатик муносабатларда, халқаро музокараларда, спорт мусобақаларида ва нуфузли жаҳон минбарларида байроғимизнинг кўтарилиши мамлакатимизнинг тинчлик, ҳамкорлик ва ўзаро ҳурматга асосланган ташқи сиёсатини намоён этади.
Оқ ранг – тинчлик, поклик, эзгу ният ва ёруғ келажак рамзи. У халқимизнинг осойишта ҳаёт, адолат ва фаровонликка интилишини ифодалайди, бугунги ислоҳотларимизнинг бош ғояси – инсон қадри билан ҳамоҳанг. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, адолатни таъминлаш, таълим ва тиббиёт сифатини ошириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлаш, ҳар бир фуқаро учун тенг имкониятлар яратиш каби вазифалар оқ рангнинг маънавий мазмунини ҳаётда намоён этади. Оқ ранг жамиятдаги муносабатлар ҳам поклик, ҳалоллик ва адолат асосида қурилиши кераклигини англатади. Давлат бошқарувидаги очиқлик, жамоатчилик назорати, қонун устуворлиги, инсон манфаатларига хизмат қилиш тамойиллари ҳам ана шу эзгу мақсадлар билан уйғун. Оқ матога тушган доғ дарҳол кўзга ташланади. Жамиятнинг виждони ҳам шундай: уни булғаш осон, тозалаш эса узоқ ва машаққатли. Зеро, оқ ранг каби мусаффо жамият қуриш ҳар бир авлоднинг маънавий ва фуқаролик бурчидир.
Яшил ранг – табиат уйғониши, янгиланиш, навқиронлик, ҳаёт ва умид тимсоли. У Янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлик руҳи ва тараққиётга интилишини англатади. Янги мактаблар, замонавий олий таълим муассасалари, саноат корхоналари, янги маҳаллалар, боғлар, яшил ҳудудлар ва инфратузилма объектлари барпо этилаётгани мамлакатимизнинг янгиланиш манзарасини шакллантирмоқда. Айниқса, экологик муаммоларни ҳал этиш, Оролбўйи ҳудудини тиклаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, қуёш ва шамол энергетикасини ривожлантириш, дарахт экиш ва яшил ҳудудларни кенгайтиришга қаратилган ташаббуслар яшил рангнинг бугунги ҳаётимиздаги мазмунини янада бойитади.
Бу йўналиш 2026 йилда ҳам давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда. Президентимизнинг 2026 йил 29 апрелдаги ПФ–70-сон Фармонига мувофиқ, жорий йилда 4,3 миллиард киловатт-соат электр энергияси ва 2,8 миллиард куб метр табиий газни тежаш мақсад қилинди. 2026 йил 23 сентябрдаги Фармон билан эса «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси янги тизим асосида амалга оширила бошланди: шу куз мавсумининг ўзида 257 та яшил боғ ва жамоат парки яратилиши, 2030 йилга қадар уларнинг сони 1023 тага етказилиши белгиланди. Демак, байроғимиздаги яшил ранг фақат табиат гўзаллигини эмас, келажак авлодлар олдидаги экологик масъулиятимизни ҳам эслатади.
Қизил ҳошиялар эса вужудимизда жўш ураётган ҳаётбахш куч, тириклик қуввати ва ҳаракат рамзидир. Уларни халқимизнинг бунёдкорлиги, меҳнатсеварлиги, ёшларимизнинг ғайрат-шижоати билан уйғун ҳолда тасаввур этиш мумкин. Ишлаб чиқариш, тадбиркорлик, илм-фан, рақамли технологиялар, спорт ва маданият соҳаларида амалга оширилаётган ишлар, яратилаётган янги иш ўринлари, ёшларнинг ташаббус ва инновацион лойиҳалари ана шу ҳаётбахш кучнинг амалий ифодасидир. Ҳар бир юртдошимиз қалбидаги Ватанга муҳаббат, меҳнатга иштиёқ ва бунёдкорлик кучини бирлаштириб турган ҳаёт томирлари ҳам бамисоли шу қизил ҳошияларни эслатади. Улар мовий осмонни, оқ тинчликни ва яшил заминни бир-биридан ажратмайди, аксинча, ўртага олиб, асраб туради.
Байроғимиздаги ярим ой – тарихий анъаналаримиз ва мустақиллигимиз тимсоли. У янги даврга, янги мақсадларга ва эзгу орзу-интилишларга йўл очаётган миллатнинг рамзий ифодасидир.
Ўн икки юлдуз эса халқимизнинг қадимий маданий мероси, тарихий тафаккури ва комилликка интилишини эслатади. Уларни бугунги ёшларимиз тимсолида ҳам кўриш мумкин. Ҳар бир юлдуз ўз соҳасида порлаётган, билим ва истеъдоди билан мамлакат номини дунёга танитаётган ёш авлод вакилини ёдга солади. Ҳар бир юлдуз алоҳида порлайди, аммо осмонни улар биргаликда безайди.
Айтинг-чи, инсон қадри, билим, бунёдкорлик, миллий бирлик ва тараққиётни ҳаёт мазмуни деб билган Янги Ўзбекистонни ўтмиш ва келажак билан уйғун боғлаб турган маънавий кўприк байроғимиз эмасми?
Юртимизда тинчлик мустаҳкам бўлса, инсон қадри улуғланса, табиат асралса, ёшлар илм-фан ва касб-ҳунар эгалласа, адолат ва ҳалоллик ҳаётимиз мезонига айланса – байроғимиздаги ранглар ўз маънавий мазмунини амалда намоён этган бўлади. Миллий бирлигимиз тимсоли бўлган, келажакка ишончимизни рангларда акс эттирувчи, барчамизни ягона Ватан туйғуси атрофида бирлаштирувчи байроғимизни бугунги ислоҳотларимизнинг маънавий харитаси, деб аташимиз мумкин.

Ягона байроқ бирлаштирган ёшлар келажакни биргаликда яратади
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2025 йил 30 июнда Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган учрашувда юртимиз ёшларининг нуфузли хорижий олийгоҳлардаги натижаларига алоҳида эътибор қаратгани бежиз эмас. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, 2024 йилда юртимиз ёшлари дунёнинг «ТОП-500» талик олийгоҳларига кириш бўйича Марказий Осиёда биринчи ўринни эгаллади. Бугун 30 нафар йигит-қиз дунёдаги «ТОП-10», 500 нафари «ТОП-100» ва 1500 нафари «ТОП-300» рўйхатидан жой олган нуфузли университетларда таҳсил олмоқда. Энди банклар «ТОП-300» талик олийгоҳга кирган ёшларга 20 минг долларгача имтиёзли кредит ажратади. АҚШ, Буюк Британия, Германия, Япония, Жанубий Корея, Хитой, Туркия ва бошқа мамлакатларда ўқиётган бу 2000 дан зиёд ёшнинг ҳар бири ортида ота-она орзуси, устоз меҳнати, ёшнинг интилиши ва Ватан келажагига дахлдор катта масъулият турибди.
Тасаввур қилинг, Лондондаги университетда таҳсил олаётган ўзбек талабаси, Сеулда илмий изланиш олиб бораётган ёш олим, Токиода муҳандислик сирларини ўрганаётган талаба ёки Берлинда халқаро танловда қатнашаётган иқтидорли йигит-қизнинг исми Ватанимиз номи билан бирга тилга олинмаяптими? Улар ўз ғалабаларини байроғимиз остида нишонламаяптими? Бир-биридан олис юртларда ўқиб, касб-ҳунар ўрганиб юрган бу ёшлар турли тилларда мулоқот қилса-да, турли таълим тизимларида таҳсил олса-да, турли илмий йўналишларда изланса-да, Ватан, миллий ўзлик ва келажак олдидаги масъулият уларни ягона мақсад атрофида жипслаштирмаяптими? Бу Янги Ўзбекистоннинг янги маънавий макони эмасми? Шу ўринда давлатимиз раҳбарининг ўша учрашувда ёшларга қарата айтган: «Ишончим комил, сизлар барча соҳаларда мамлакатимиз байроғини баланд кўтаришга қодирсиз. Сизлар – Янги Ўзбекистон бунёдкорлари сифатида янги тарих яратадиган олтин авлодсиз», деган сўзлари ёдга тушади.
Ҳар бир зиёли нигоҳида байроқ миллатнинг маънавий қиёфасидир. Байроқнинг қадри унинг моддий кўриниши билан эмас, халқ ҳаётида тутган маънавий ўрни билан белгиланади. Тарихчи олим байроқни давлатчилик тараққиётининг муҳим манбаи, тарихий хотира ва сиёсий анъаналар ифодаси деб билса, ҳуқуқшунос учун у давлат суверенитетининг қонун билан муҳофаза қилинадиган тимсолидир. Файласуф ва маърифатпарварлар учун байроқ миллий ўзлик, умумий мақсад ва фуқаролик бирлигини англатувчи қадрият ҳисобланади. Адабиёт ва санъат аҳли эса унда Ватаннинг бадиий тимсолини кўради. Шоир учун у – она юрт осмони, мусаввир учун – халқнинг рангларда акс этган тарихи. Мураббий учун эса байроқ ёш авлод қалбида ватанпарварликни уйғотувчи маънавий воситадир. Аскар учун байроқ қасам ичилган муқаддас тимсол, ҳар тонгда янгиланадиган садоқат ваъдасидир.
Миллатнинг улуғлиги рамзларига кўрсатиладиган ташқи эҳтиром билангина эмас, балки шу рамзлар ифода этадиган эзгу ғояларга амал қилиши билан белгиланади. Байроққа ҳурмат фақат унинг олдида бош эгиш билан чекланмайди: унинг маъносини билиш, тарихини ўрганиш, унга қонунда белгиланган тартибда муносабатда бўлиш ва у ифода этадиган қадриятларга содиқ қолиш ҳам ҳурматнинг муҳим кўринишларидир.
Бугун давлат рамзларига муносабат мафкуравий кураш майдонига ҳам айланганини унутмаслик керак. Ахборот хуружларининг биринчи нишони кўпинча айнан рамзлар бўлади. Ижтимоий тармоқларда байроқни масхаралайдиган, Ватанни камситадиган, «бу ерда келажак йўқ» деган фикрни сингдирадиган материаллар бежиз тарқатилмайди. Уларнинг мақсади битта — инсонни ўз рамзларидан, тарихидан ва юртидан бегоналаштириш. Рамзини қадрламайдиган одамни ўз юртига қарши қўйиш осон бўлади. Шу боис байроққа ҳурматни тарбиялаш мафкуравий иммунитетни шакллантиришнинг энг ишончли йўлларидан биридир.
Бугунги ёшлар дунёнинг нуфузли университетларида таълим олиш имконига эга экан, уларнинг халқаро илмий марказларда ишлаш, глобал лойиҳаларда қатнашиш имкониятлари ҳам кенгайиб бораверади. Бироқ бу кенг имкониятлар билан бирга муҳим савол ҳам туғилади: дунёнинг турли бурчакларида таълим олаётган ёшлар миллий ўзлигини қандай сақлайди? Уларни Ватан билан нима боғлаб туради? Жавоб оддий: она тили, тарихий хотира, оилавий тарбия ва миллий қадриятлар. Ўз миллий ўзлигини англаган ёшгина бошқа халқлар маданиятига ҳурмат билан муносабатда бўлади, халқаро мулоқотда тенг ҳуқуқли иштирок этади ва Ватани манфаатларини муносиб ҳимоя қилади. Бундай ёшларнинг байроққа муносабати онгли фуқаролик масъулиятида намоён бўлади.
Бир Ватан, бир эл, бир байроқ!
Янги Ўзбекистонни бунёд этиш жараёни давлат рамзларининг маънавий вазифасини янада кенгайтирди. Бугун ҳар бир юртдошимиз уларнинг одамларни тарихий хотира атрофида бирлаштирувчи, ёшларда ватанпарварликни мустаҳкамловчи, жамиятда умумий мақсад ва дахлдорлик туйғусини шакллантирувчи кучини ҳис этмоқда.
2025 йилда, 8–18 ноябрь кунлари Давлат байроғи қабул қилинганининг 34 йиллиги муносабати билан Республика Маънавият ва маърифат маркази ташаббуси билан «Бир Ватан, бир эл, бир байроқ!» шиори остида «Бир байроқ остида» республика эстафетаси ўтказилди. Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ тумани, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё тумани ва Андижон вилоятининг Хонобод шаҳридан бошланган эстафета уч йўналиш бўйлаб ҳаракатланиб, 18 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги Халқлар дўстлиги майдонида ягона тимсол остида бирлашди. Мўйноқдан йўлга чиққан ғарбий йўналиш Хоразм, Бухоро, Навоий ва Жиззах вилоятлари орқали Сирдарёга етиб келди, Оқолтин туманида 60 метрлик улкан байроқ тантанали равишда кўтарилди. Ижтимоий тармоқларда ёритилган тадбирларга билдирилган муносабатлар халқимизнинг байроғимиздан фахрланиш ҳисси жуда юқори эканлигини кўрсатди.
Эстафетада 90 мингдан зиёд ҳарбийлар, спортчилар, зиёлилар, санъат ва маданият намояндалари, нуронийлар ҳамда минглаб ёшлар иштирок этди, минглаб километр йўл босиб ўтилди. Айниқса, рамзий байроқнинг ҳудуддан ҳудудга, қўлдан қўлга топширилиши чуқур маънавий мазмун касб этди. Гўё бутун мамлакат бир-бирига Ватанга садоқат, миллий ғурур ва бирдамлик туйғусини улашаётгандек эди. Байроқни Оролбўйидаги балиқчининг ўғли ҳам, Бойсун тоғларидаги чўпон ҳам, Андижондаги ҳунарманд ҳам бир хил эҳтиром билан кўтарди.
Бу анъана жорий йилда ҳам давом этмоқда. Бироқ бу йилги тадбирларнинг шукуҳи янада ўзгача. 35 йил — йирик сана, қолаверса, айниқса сўнгги уч йиллик ғалабаларимиз Ўзбекистон байроғи остида халқ билан ҳамнафас қадам ташлаш ҳар бир ўзбекистонликка алоҳида ғурур бағишлайди. Бу йилги эстафета янада кенгроқ қанот ёзиши, яъни 208 та туман-шаҳарни қамраб олгани боиси ҳам шунда. Айни шу кунларда «Бир Ватан, бир эл, бир байроқ!» шиори остида уч йўналишда Тошкент вилоятига етиб келган байроғимизнинг ҳар бир ҳудудда юксак эҳтиром билан кутиб олинаётгани ва тадбирга еттидан етмишгача хайрихоҳлик билан бош қўшаётгани эстафета халқимиз ҳаётида янги бир анъанага айланиб улгурганини ҳам билдиради.
Тадбирнинг энг катта ютуғи байроқ неча километр масофани босиб ўтгани билан эмас, балки шу йўлда қанча инсон қалбида Ватанга муҳаббат, миллий бирлик ва фуқаролик масъулияти туйғуси мустаҳкамлангани билан ўлчанади. Байроқни баланд тутиш эса ўзини шу Ватан фарзанди деб билган ҳар бир инсоннинг шарафли бурчидир.
Зеро, бир байроқ – бир Ватан демакдир. Бир Ватан – бир тақдир, бир тақдир эса – умумий келажак. Бир байроқ остида бирлашган халқ ягона ва енгилмасдир!
Зиёда АКБАРҚУЛОВА,
Республика Маънавият ва маърифат маркази бош мутахассиси