Тошкент халқаро стартаплар ва инвестициялар мулоқоти марказига айланмоқда
Бугунги кунда инновацион ғояларни амалий лойиҳаларга айлантириш, стартап ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва уларга инвестициялар жалб қилиш иқтисодий тараққиётнинг муҳим омилларидан. Бу борада халқаро тажриба алмашиш, инвесторлар билан тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш ҳамда илғор технологик ечимларни амалиётга жорий этиш алоҳида аҳамият касб этади.
Тошкент шаҳридаги "Humo Arena" мажмуасида ўз ишини бошлаган "Techstars Startup Week Tashkent 2026" халқаро стартап-фестивали инновацион тадбиркорликни ривожлантириш, истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва маҳаллий стартапларни халқаро бозорга олиб чиқиш учун янги имкониятлар яратиши билан аҳамиятлидир.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги кўмагида "UzVC" Миллий венчур фонди ҳамда "Techstars" халқаро тармоғи ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда 23 та мамлакатдан 5 мингдан ортиқ иштирокчи, 500 дан зиёд стартап ва 50 дан ортиқ инвестор қатнашмоқда. Уларнинг иштироки янги бизнес алоқаларини ўрнатиш, истиқболли лойиҳаларни тақдим этиш ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш учун муҳим майдон яратади.
Фестиваль очилиш маросимида Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Умид Обидхўжаев сўзга чиқиб, мамлакатда стартап экотизимини ривожлантириш, инновацион тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва венчур инвестициялар бозорини кенгайтириш масалаларига тўхталди.

Уч кун давомида фестиваль доирасида корпоратив ҳамкорлик, венчур инвестициялар, сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва креатив иқтисодиёт истиқболларига бағишланган панель сессиялари, маърузалар, очиқ мулоқотлар ҳамда амалий учрашувлар ўтказилади. Шунингдек, стартап лойиҳалар тақдимотлари (Demo Day), менторлик учрашувлари ва инвесторлар билан музокаралар ташкил этилади. Бу эса ёш тадбиркорлар ва технологик жамоаларга ўз ишланмаларини халқаро экспертларга намойиш этиш, янги ҳамкорлар топиш ва инвестиция жалб қилиш имконини беради.
Умид Обидхўжаев таъкидлаганидек, стартапларни ривожлантириш учун нафақат молиявий ресурслар, балки қулай институционал муҳит, самарали ҳамкорлик механизмлари ва янги ғояларни амалиётга татбиқ этиш имкониятлари ҳам муҳим аҳамиятга эга.
– Бугун стартаплар шунчаки янги бизнес ғоялари эмас, балки иқтисодиётнинг келажагини белгилайдиган муҳим инновацион куч ҳисобланади. Бизнинг асосий вазифамиз истиқболли ғояларнинг ривожланиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш, стартапларни молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш ва уларнинг давлат ҳамда хусусий сектор билан ҳамкорлигини мустаҳкамлашдир. Халқаро тажриба ва инвестицияларни жалб этиш орқали маҳаллий стартапларнинг нафақат ички, балки глобал бозорларда ҳам ўз ўрнини топишига кўмаклашишимиз зарур, – деди у.

Муҳокамалар марказида давлат ва йирик корпорацияларнинг стартаплар учун буюртмачи сифатидаги ўрни, инновацион маҳсулотларга бўлган талабни шакллантириш ва янги технологик ечимларни амалиётга жорий этиш масалалари бўлди. Шунингдек, фестивалнинг биринчи кунида "Давлат - мижоз сифатида: янги Стартап қонуни бизнес учун нимани англатади?" мавзусида панель сессияси ўтказилди. Унда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги департаменти директори Тимур Ҳусанов, "UzVC" Миллий венчур фонди директори ўринбосари Абдулазал Тошхўжаев ҳамда Ўзбекистон менежерлар ассоциацияси раиси Алишер Шайхов иштирок этди.
Муҳокамаларда "Стартаплар тўғрисида"ги қонун лойиҳасининг асосий йўналишлари, стартап мақомини олиш мезонлари, илк босқичдаги лойиҳаларни молиялаштириш механизмлари ва давлат органларининг стартаплар учун буюртмачи сифатидаги ўрни атрофлича кўриб чиқилди.
Абдулазал Тошхўжаевнинг таъкидлашича, стартап экотизимининг барқарор ривожланиши учун истиқболли лойиҳаларга сармоя киритиш билан бир қаторда, уларнинг бозорда ўз ўрнини топишига кўмаклашадиган механизмларни ҳам ривожлантириш зарур.

– Венчур инвестициялар стартапларнинг ўсиши ва янги бозорларга чиқишида муҳим молиявий манба ҳисобланади. Бироқ лойиҳаларнинг муваффақияти фақат сармояга боғлиқ эмас. Улар учун аниқ бозор талаби, ишончли ҳамкорлар ва ўз маҳсулотини амалиётда синаб кўриш имконияти ҳам зарур. Давлат ташкилотлари ва йирик компанияларнинг стартаплар билан ҳамкорлиги ана шу имкониятларни кенгайтиришга хизмат қилади, – деди у.
Таъкидлаш жоизки, давлатнинг стартап лойиҳалар учун буюртмачи сифатида иштирок этиши янги ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш, инновацион маҳсулот ва хизматларга бўлган талабни шакллантириш ҳамда маҳаллий технологик ечимлар бозорини кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга.
"Techstars Startup Week Tashkent 2026" халқаро фестивали Ўзбекистонда инновацион тадбиркорлик муҳитини ривожлантириш, венчур инвестициялар учун янги имкониятлар яратиш, маҳаллий стартапларни халқаро бозорларга олиб чиқиш ва мамлакатнинг глобал инновацион ҳамжамият билан алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим ташаббуслардан биридир.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА