Елкасида юрт ташвиши: бобонинг меҳри, давлат раҳбарининг масъулияти ва миллат келажаги
Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Суюкли набирам Шавкатбекка парвоз давомида битилган мактуби» миллионлаб юртдошларимиз қалбидан чуқур жой олди. Ушбу таҳлилий мақолада мазкур мактубнинг маънавий-тарбиявий аҳамияти, пахта яккаҳокимлигидан воз кечиш ва болаларни мактабга қайтариш ислоҳотлари, рақамли давр таҳдидлари ҳамда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишда оила ва жамият масъулияти чуқур таҳлил этилган.
Кўпинча кичкинтойлар саволни ўйлаб ўтирмай беради. Катталар эса баъзан унга бир умр жавоб излайди. Эрталаб хайрлашиш пайтида набираси Шавкатбек бобосидан: «Нега Сиз доим узоқ сафарларга кетасиз?» деб сўради. Шошиб турган бобо ўша заҳоти тузукроқ жавоб беролмади. Жавоб кейинроқ, Иорданияга учаётган самолёт бортида мактуб бўлиб туғилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Суюкли набирам Шавкатбекка парвоз давомида битилган мактуби» шу тариқа бир оиладаги ширин суҳбатдан бутун халққа қаратилган ўгитга айланди.
Мактубни ўқир эканмиз, унда икки овозни эшитамиз. Бири набирасини «кўзимнинг оқу қораси» деб эркалайдиган, унинг илк тетапоясини, тили чиқиб бийрон-бийрон сўзлай бошлаганини қувониб кузатган бобонинг овози. Иккинчиси эса миллионлаб Ўзбекистон фарзандларининг келажагини ўйлаб яшаётган давлат раҳбарининг овози. Бу икки овоз бир-бирига қарши эмас, аксинча, бири иккинчисини тўлдиради. Мактубнинг юракка етиб борадиган кучи ҳам шунда.

Пешонага битилган тақдир
Халқимизда «пешонасига ёзилган экан» деган гап бор. Бу инсон ўзи танламаган, аммо бўйин товлаб ҳам бўлмайдиган йўл ҳақида айтилади. Бобо набирасига: «Тақдир зиммамга шундай вазифа юклаганки, мен нафақат сенинг, балки сенга ўхшаган миллионлаб Ўзбекистон фарзандларининг келажаги ҳақида ҳам ўйлашим, қайғуришим керак», деб ёзади. Яратган насиб этган етакчилик бу сатрларда имтиёз эмас, халқ олдидаги юксак масъулият сифатида намоён бўлади. Депутатликдан тортиб давлат раҳбарлигигача бўлган йўлнинг ҳар бир босқичида унинг мақсади ўзгармаган. Бу мақсад халқнинг оғирини енгил, мушкулини осон қилишдир. «Бу дунёда миллатнинг дардига дармон бўлишдан кўра аъло ва афзал иш йўқ», деган сатрда бобонинг бутун ҳаётий хулосаси мужассам.
Шарқнинг насиҳатнома ва сиёсатномаларида раиятнинг тинчлиги ҳукмдорнинг бедорлиги билан таъминланади, деган ғоя қайта-қайта учрайди. Мактубдаги: «Халқим тунда осуда ухлаши учун ҳам мен ҳар доим бедор бўлмоғим керак, ахир!» деган сатр шу азалий ҳақиқатнинг бугунги тилдаги ифодасидир. Фақат бу гап китоб саҳифасида эмас, бобонинг набирасига ёзган хатида айтилган. Шунинг учун у қуруқ насиҳатдан кўра кўпроқ дилнинг самимий изҳорига ўхшайди.
Пахта далаларидан — мактаб партасига
Бугун Ўзбекистон болаларининг осмони мусаффо, ҳаёти фаровон. Бироқ бу кунлар осонликча келмаган. Юртбошимиз ўз болалигини ярим асрдан ортиқ давом этган пахта яккаҳокимлиги даврида улғайган минглаб тенгдошлари қатори эслайди. Ёзнинг жазирамасида ғўза чопиш, изғирин совуқда пахта териш, ўн йиллик мактаб умрининг деярли ярми далада ўтгани... Ўша йилларда ўзбек деҳқонининг хирмони қачон ва қандай йиғилишини узоқдаги муҳташам идораларда ўтирган мулозимлар белгиларди. Танти ва содда халқимиз ўзи етиштирган «оқ олтин»га ҳам эгалик қила олмасди, йиғилишларда ўз она тилида гапиришга ҳам ҳар доим журъат этолмасди. Аслида, бу хотираларда бир одамнинг эмас, бутун бир халқнинг кўз ёши ва дарди мужассам.
Лекин бу сатрлар шунчаки ўтмишни эслаш учун ёзилмаган. Улардан: «Президент бўлганимдан сўнг биринчи галда болаларни пахта далаларидан мактабга қайтардим», деган қатъий қарор туғилган. Бугун Ўзбекистон болалари қиш қаҳратонида пахта термайди, ёз саратонида ер чопмайди. Рақамлар ҳам буни яққол тасдиқлайди. Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотларига кўра, пахта йиғим-терими учун ҳар йили қарийб икки миллион киши жалб этилади. Ислоҳотларнинг дастлабки етти йилида тахминан икки миллион бола меҳнатга жалб этилишдан, ярим миллион катта ёшдаги фуқаро мажбурий меҳнатдан халос бўлди. 2021 йилги терим мавсумида 11 мингга яқин теримчи билан суҳбат ўтказилган ва уларнинг 99 фоизи ихтиёрий ишлагани аниқланган. 2022 йил 1 мартда ушбу нуфузли ташкилот ўзбек пахтаси тизимли болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан холи эканини расман эълон қилди. Шу йилнинг 10 мартида 2011 йилдан бери давом этиб келган, 331 та халқаро бренд ва савдо компанияси қўшилган «пахта бойкоти» бекор қилинди. Сентябрь ойида эса АҚШ Меҳнат вазирлиги ҳам ўзбек пахтасини мажбурий меҳнат асосида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар рўйхатидан чиқарди. Бир авлод бошидан кечирган азобни кейинги авлодга раво кўрмаслик ҳақиқий етакчининг виждон ишидир.
Далалар ўрнини бугун замонавий мактаблар, боғчалар, спорт мажмуалари эгаллаб бормоқда. Бунинг самарасини дунё майдонларида кўриб турибмиз. Авваллари халқаро мусобақаларга бир-иккита ҳамюртимиз йўлланма олган бўлса, бугун кўплаб спорт турлари бўйича ўзбек ёшлари шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан туриб байроғимизни баланд кўтармоқда, мадҳиямизни дунёга баралла янгратмоқда.
Тарихни унутмаслик ва ундан сабоқ чиқариш миллатнинг ўз илдизига содиқ қолиши демакдир. Туркий халқлар тарихда эргашувчи эмас, эргаштирувчи бўлган. Давлат гербимиздаги Ҳумо қуши ҳам бировнинг қўлига қарам эмас — унга ҳамма талпинади, аммо уни ҳеч ким қафасга сола олмайди. Мустамлакачилик энг аввало фикрни қарам қилишга уринади. Фикр қарамлиги эса тафаккур қуллигига олиб боради. Болаларни даладан мактабга қайтариш ана шу қулликдан қутулишнинг энг ишончли йўлидир.
Буюк аждодларга муносиб ворислар
Мактубда Имом Бухорий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Маҳмудхўжа Беҳбудий номлари бир қаторда келади. Бу улуғ сиймолар ҳадис илмидан табобатгача, осмон илмидан сўз санъатигача, Уйғониш давридан жадидлар маърифатигача чўзилган узлуксиз маънавий занжирни ташкил этади. Бобо набирасига: «Сен шу занжирнинг давомчисисан», демоқчи. Бу гап қуруқ даъво эмас. Халқаро фан олимпиадаларидаги ғалабалар, дунёнинг энг нуфузли университетларида таҳсил олаётган ёшлар, жаҳон шахмат тарихини қайта ёзаётган йигит-қизлар Юртбошимиз илгари сурган Учинчи Ренессанс ғояси аста-секин миллатнинг ҳаётий мафкурасига айланиб бораётганидан далолат беради.
Мактубдаги боғбон ташбеҳи ҳам бежиз эмас. Ниҳол мевага киргунча боғбон неча йил тер тўкади. Иқтидорли авлодни тарбиялаш ҳам бир кунлик иш эмас. Ўн йил аввал бошланган эзгу ишлар бугун «дастлабки умидбахш натижалар»ни бермоқда. Бу эса сабр ва изчилликнинг қадрини яна бир бор эслатади.
Рақамли замон синови
Мактубда бугунги болаларнинг энг нозик муаммоси, яъни мутолаадан чалғитадиган машғулотлар, вақт ва эътиборни «ўғирлайдиган» технологиялар ҳақида ҳам сўз боради. Бобо набирасини технологиядан узоқлашишга эмас, «Замонавий гаджетлар ва сунъий интеллектдан унумли фойдалан, аммо уларга қарам бўлиб қолишдан эҳтиёт бўл!» дея оқилона фойдаланишга чақиради. Бу тақиқ эмас, онгли танловга ўргатишдир.
Бу гапнинг ортида оддий оилавий насиҳатдан кўра жиддийроқ масала турибди. Президентимиз Самарқандда ўтган хавфсизлик масалалари бўйича «ШҲТ плюс» биринчи экспертлар мулоқоти иштирокчиларига йўллаган мурожаатида кибермакон тармоқ орқали ҳужумлар уюштириш, жамоатчилик онгини бошқариш ва ёлғон ахборот тарқатиш воситалари тобора фаол қўлланилаётган асосий тўқнашувлар майдонига айланганини таъкидлади. Бузғунчи кучлар ёшлар онгига мақсадли таъсир кўрсатиб, уларни ўз жамоаларига жалб этаётгани, террорчи ташкилотлар интернет платформаларидан радикал ғояларни тарғиб қилиш ва янги тарафдорларни ёллаш учун фойдаланаётгани жиддий хавотир билан тилга олинди. Давлатимиз раҳбари аввалроқ ҳам: «Миллий ўзлик ва маънавий қадриятларга қарши таҳдид ва хатарлар тобора ортмоқда. Фақат ўзини ўйлаш, меҳнатга, оилага енгил қараш, истеъмолчилик кайфияти турли йўллар билан одамлар, айниқса, ёшлар онгига устамонлик билан сингдириляпти», дея огоҳлантирган эди.
АҚШнинг собиқ Президенти Жимми Картер: «Тарғибот учун сарфланган 1 доллар қуролланишга сарфланган 10 доллардан самаралироқ», деган эди. Америкалик сиёсатшунос олим Жеймс Дер Дериан эса: «Зўравонликни узоқ масофаларда минимал йўқотишларсиз амалга ошириш имконияти замонавий дунёнинг манзарасини ўзгартирмоқда», деб ёзади. Айни пайтда кураш қуролсиз ҳам олиб борилмоқда. Ғоялар, қадриятлар, Ватан ва эътиқод ҳимояга муҳтож. Бу ҳимоя фалсафий дунёқараш, ғоявий билим ва маънавий идрок билан амалга оширилади. Афсуски, «масофавий» тарбия болаларимиз қалбидаги инсонийлик қадриятларини секин-аста ўзгартирмоқда.
Бу хавфнинг илдизи кўпинча оиланинг ўзида ётади. Бугун кўплаб хонадонларда ўзига хос «маънавий вакуум», яъни эмоционал бўшлиқ пайдо бўлмоқда. Бола ота-онасининг кўзига қараб гапиришни эмас, экран билан мулоқот қилишни одат қилмоқда. Кун бўйи боғча ёки мактабда ота-онасини интизор кутган жажжи қалб оқшом уйга ҳориб келган ота-онасидан илиқ нигоҳ ва меҳр кутади. Катталар эса чарчоқни баҳона қилиб, телефонга ёки телевизорга термулади. Оиладаги бу бўшлиқни ота-онанинг меҳри тўлдирмаса, уни бегона виртуал дунё тўлдиради.
Жадид боболаримиз бундан бир аср муқаддам тарбияни бежиз ҳаёт-мамот масаласи деб билмаган эди. Абдулла Авлоний «Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ» асарида: «Тарбия бизлар учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масъаласидур», деб ёзган. Абдурауф Фитрат эса «Юрт қайғуси» асарида: «Агар саодат, иззат, осойишталик, роҳат, шараф, номус ва эътибор керак бўлса, тезроқ авлод тарбияси усулларини билиб олиб, шу усул ва қоидалар асосида тарбиялашимиз...» деб огоҳлантирган эди. Бу ҳикматли сўзлар бугунги рақамли таҳдидлар шароитида янада долзарб жаранглайди.
«Вақт етмайди, вақт!»
Мактубдаги энг самимий эътирофлардан бири вақт ҳақида. «Бобожон, ҳозир сизга нима кўпроқ етмайди?» деб сўрасанг, «Вақт етмайди, вақт!» деб жавоб бераман», дейди бобо. Юртни юксалтириш ҳақидаги ғоя ва ташаббуслар кўп, уларнинг барини рўёбга чиқаришга эса вақт камлик қилади. Шу боис кам ухлаб, кўп ишлашга тўғри келади.
Сеулда ватандошларимиз билан ўтган мулоқотда ҳам давлатимиз раҳбари: «Биласизларми, Президент бўлиб мени нима қийнайди? Менга вақт етмаяпти!» деган эди. Сеул вақти Тошкентдан тўрт соат олдинда. 15 сентябрь куни Ўзбекистон вақти билан тонгги олтида бошланган иш кечгача тўхтовсиз давом этди. Бизнес-форумлар, муҳим ҳужжатлар, йирик корпорациялар раҳбарлари билан учрашувлар, қўшма лойиҳалар... Шуларнинг ортидан эса ёшлар билан самимий мулоқот. Протокол хизмати бир неча бор «9 соат бўлди» деб эслатди. Тик оёқда суҳбатлашаётган Президент ёшларга: «Бир дақиқа ҳам вақтларингни бекорга ўтказманглар... Ватан соғинчи аламида кўпроқ илм олинглар, Ватанга садоқат билан хизмат қилинглар», дея мурожаат қилди.
Кореянинг машҳур «палли-палли», яъни тезкорлик маданияти давлатимиз раҳбарининг шиддатли иш услуби билан ўша куни ажойиб уйғунлик касб этди. Эртаси куни «Марказий Осиё – Корея» саммити кутиб турган бўлса-да, Президент: «Ўзимниям қийнайман, сизларниям, ишламагунларингча қўймайман, бизга 40 миллион халқ қараб турибди. Уларни рози қилишимиз керак», дея мақсадни аниқ белгилади. Тўққиз соатлик тўхтовсиз меҳнатнинг сири ҳам халқ розилиги ва вақтни енгишда экан. Мактубдаги: «Унутма, вақт шундай бойликки, унинг баҳоси йўқ», деган насиҳат ана шундай кундалик фидойи меҳнат билан исботланган.
Йиқилиб туриш фалсафаси
Мактубда муваффақиятга берилган таъриф ҳам юракка яқин. Унда: «Ҳаётдаги энг катта ютуқ ҳеч қачон йиқилмасликда эмас, балки йиқилган тақдирда ҳам ўзида куч топиб қайта тура билишдадир», дейилади. Ижтимоий тармоқлар ёшларга фақат ютуқларнинг ялтироқ манзарасини кўрсатиб, мағлубиятни уятга айлантиради. Мактуб бунинг аксини ўргатади. Омад юз ўгирган кун хулоса чиқариш учун берилган имкониятдир, сабр ва ирода қайта туришнинг таянчидир. «Ҳеч қачон енгилдим дема!» деган чақириқ шунинг учун ҳам бугунги ёшларга айниқса зарур.
Одамийлик эса мактубда инсоннинг асл зийнати деб аталади. Мардлик, орият, ватанпарварлик, ҳалоллик, камтарлик, меҳнатсеварлик, олижаноблик фазилатлари «гавҳар каби» асралиши лозим бўлган бойлик сифатида тилга олинади. Байроқ ҳақидаги сатрлар эса Ватанга муҳаббат унинг рамзларини кўз қорачиғидек асрашдан бошланишини эслатади.
Ҳар бир хонадонга ёзилган мактуб
Мактуб якунида бобо ўз фикрлари «юртимиздаги ҳар бир бобо ва ота, ҳар бир буви ва онанинг ўз азиз дилбандларига атаган юрак сўзлари» эканини таъкидлайди. Демак, бу хат битта набирага эмас, мамлакатимиздаги ҳар бир болага йўлланган. Уни ҳар бир ота-она фарзанди билан бирга ўқиши, сатрлари устида бирга мушоҳада юритиши керак.
Узоқ сафар ва тиғиз кун тартиби орасида ҳам Президент набирасининг битта саволини унутмади, унга самолёт бортида узундан-узоқ жавоб ёзди. Биз-чи? Болаларимизга дунёни олиб бериш илинжида уларга ўзимизни — меҳримиз ва вақтимизни бермай қўймаяпмизми?
Бугун Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир ота ва она, ҳар бир бобо ва буви ҳам ўз ўрнида шу юртнинг эртаси учун меҳнат қилмоқда. Кимдир далада, кимдир завод цехида, кимдир синфхонада, кимдир шифохонада, кимдир чегарада. Кечқурун уйга қайтганимизда фарзандимиз эшик олдига югуриб чиқиб: «Нега кеч келдингиз? Қачон уйга эртароқ келасиз?» деб сўраса, кўзимизни олиб қочмайлик. Уни бағримизга босиб: «Болажоним, мен сенинг эртанги кунинг учун ишлаяпман!» деб баралла айта олайлик.
Бу жавобни ҳар биримиз виждонимиз олдида уялмай айта олишимиз учун меҳнатимиз ҳалол, ниятимиз пок бўлиши керак. Шунда ҳар бир кунимиз болаларимизга ёзилган ибратли мактубга айланади.
Нигора ҲУСАНОВА
Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти
катта илмий ходими,фалсафа фанлари бўйича (PhD) фалсафа доктори, доцент.