Тошкентда адаптив ижтимоий ҳимоя бўйича тренерлар тайёрланмоқда
Тошкент шаҳрида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан адаптив ижтимоий ҳимоя ҳамда иқлим ўзгаришларига мослашишнинг асосий тамойилларига бағишланган тренерларни тайёрлаш (ToT) дастури ўтказилди.
Мазкур дастурнинг асосий мақсади кейинчалик республика ҳудудларида ташкил этиладиган ўқув семинарлари учун малакали мутахассисларни тайёрлашдан иборат. Тренинглар ижтимоий ҳимоя тизимининг иқлим ўзгариши, табиий офатлар, фавқулодда вазиятлар ва бошқа турли шокларга нисбатан тайёргарлигини оширишга қаратилган.
Ўқув жараёнида иштирокчилар адаптив ижтимоий ҳимоянинг асосий тушунчалари, иқлим ва офат хатарлари, ковариант ва индивидуал шоклар, фавқулодда вазиятларга жавоб чоралари, эрта огоҳлантириш тизимлари ҳамда идоралараро ҳамкорлик механизмлари бўйича назарий ва амалий билимларга эга бўлмоқда.
Дастур методологияси интерактив ёндашувларга асосланган бўлиб, амалий машғулотлар, гуруҳ муҳокамалари ва якка тартибдаги коучингларни ўз ичига олади. Шунингдек, иштирокчилар тренингларни режалаштириш, аудитория билан самарали мулоқот қилиш, гуруҳ динамикасини бошқариш ва турли мураккаб вазиятларда ечим топиш кўникмаларини ҳам мустаҳкамлайди.
Тайёрланган тренерлар июль-август ойларида республика бўйлаб ташкил этиладиган ўқув семинарларида иштирок этиб, адаптив ижтимоий ҳимоя тамойилларини амалиётга татбиқ этишга ҳисса қўшади. Ушбу семинарлар орқали жами 850 нафар иштирокчини, жумладан Агентлик марказий аппарати, ҳудудий бошқармалар, бошқа вазирлик ва идоралар ҳамда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ходимларини қамраб олиш режалаштирилган.
Мутахассисларни тайёрлашга қаратилган мазкур ташаббус келгусида ижтимоий ҳимоя тизимининг турли шок ва фавқулодда ҳолатларга тезкор жавоб бериш салоҳиятини ошириш, аҳоли эҳтиёжларини олдиндан баҳолаш ҳамда идоралараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА