Равон йўллар кўпаймоқда
Навоий вилоятининг Хатирчи туманида “Тараққиёт ва етакчилик маскани” дастури доирасида тумандаги 10 та ҳудудда йўл инфратузилмасини яхшилашга қаратилган лойиҳалар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизда аҳоли турмуш сифатини яхшилаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва тадбиркорлик учун қулай муҳит яратишга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Бу жараёнда йўл-транспорт инфратузилмасини модернизация қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Лойиҳалар доирасида жами 20 километрдан ортиқ йўлларда қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, Қўрғонча, Амир Темур, Учтепа ва Маданият” маҳаллаларини боғловчи 2 километрлик йўл, Хўжақўрғон, Мийонқол, Алишер Навоий маҳаллалари орқали ўтувчи 2 километрлик йўл ҳамда Қуччи ва Қорача маҳаллаларидаги 2 километрлик йўл қисмида инфратузилмани яхшилаш ишлари амалга оширилмоқда.

Шунингдек, Чангир, Найман, Сарой, Зарбдор, Хонақа, Чағатой, Уйшун, Қўшчинор ҳамда Учқора маҳаллаларидаги қишлоқларни ўзаро боғловчи йўллар ҳам таъмирланмоқда.
Навбаҳор туманидан Зарафшон маҳалласи орқали ўтувчи 3,5 километрлик йўлнинг таъмирланаётгани эса ҳудудлараро алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Албатта, йўл инфратузилмасини яхшилашга қаратилган лойиҳалар амалга оширилаётган ҳудудларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш учун янги имкониятлар яратилади. Текис ва равон йўллар маҳсулот ва хизматларнинг бозорга тез ва арзон етказилишини таъминлаб, иқтисодий ривожланишга хизмат қилади.
А.Бўриев, ЎзА