Инсон ҳуқуқлари ва манфаатлари – адлия эътиборида
Наманган вилояти адлия бошқармаси томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида инсон ҳуқуқлари ҳимояси, рақамли хизматлар ва қонунчиликдаги сўнгги янгиликлар хусусида сўз юритилди.
Бошқарма раҳбари Дилмурод Аҳмедов вилоят адлия идоралари томонидан амалга оширилган ишлар, фуқаролар учун яратилаётган қулайликлар ҳамда соҳадаги муҳим ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Таъкидланганидек, шу йилнинг ўтган даври давомида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида бошқарма ҳамда шаҳар, туман бўлимлари томонидан жами 2 минг 435 мурожаат кўриб чиқилиб, уларнинг 1 минг 346 таси қаноатлантирилди, 760 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди. Шунингдек, 212 та мурожаат ваколатли ташкилотларга юборилди.

Мурожаатларнинг асосий қисмини меҳнат муносабатларига оид масалалар ташкил этган. Шунингдек, ижтимоий ҳимоя, таълим, уй-жой ва кадастр низолари ҳамда солиқларни ҳисоблаш билан боғлиқ мурожаатлар ҳам салмоқли улушни эгаллаган.
Фуқаролар ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида 160 ўрганиш ва 200 дан ортиқ мониторинг тадбирлари ўтказилган. Аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш юзасидан 256 даъво аризаси ва 375 тақдимнома киритилди. Бунинг натижасида 300 дан ортиқ фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Кўрилган таъсир чоралари натижасида 37 шахс интизомий, 200 дан ортиқ мутасаддилар маъмурий жавобгарликка тортилди. Судларга киритилган даъво аризалари орқали 8 миллиард сўмдан зиёд маблағларнинг ундирилиши таъминланди.


Тадбирда, давлат хизматлари марказларида яратилаётган қулайликларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, марказларда ташкил этилган “Ўзига-ўзи хизмат кўрсатиш” бурчаклари орқали фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари кўплаб давлат хизматларидан мустақил равишда фойдаланиш имкониятига эга бўлаётгани қайд этилди.
Шунингдек, Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан кўрсатилаётган бир қатор хизматларни масофадан туриб олиш имкониятлари кенгайиб бораётгани таъкидланди. Бугунги кунда туғилганлик, никоҳ, никоҳдан ажралиш ва ўлим қайд этилганлиги ҳақидаги маълумотларни олиш, такрорий гувоҳномаларга буюртма бериш, архив маълумотномаларини расмийлаштириш ҳамда айрим мурожаатларни электрон шаклда юбориш мумкин.
Ёшлар учун қулайлик яратиш мақсадида никоҳни қайд этиш учун ариза топшириш жараёни ҳам электрон шаклга ўтказилган бўлиб, бу фуқароларнинг ортиқча вақт ва маблағ сарфлашининг олдини олмоқда.
Адлия органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, аҳолини ҳуқуқий жиҳатдан хабардор қилиш ҳамда оммавий ахборот воситалари билан самарали ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи очиқ мулоқот руҳидаги анжуманда журналист ва блогерларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА