Навоий давлат университети халқаро рейтингда юқориламоқда
Навоий давлат университети нуфузли Times Higher Education Impact Rankings 2026 халқаро рейтингида 601-800 ўринлар оралиғидан жой олди.
Университет ўтган йили 801-1000 ўринлар оралиғида эди.
Мазкур натижа мамлакатимизда олий таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг, хусусан, таълим сифатини халқаро стандартлар асосида ташкил этиш, илмий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш, таълим муассасаларининг академик ва молиявий мустақиллигини кенгайтириш, шунингдек, барқарор ривожланиш мақсадларини ҳаётга татбиқ этиш бўйича олиб борилаётган ишлар самарасидир.
Рейтингнинг алоҳида йўналишлари бўйича ҳам Навоий давлат университети юқори натижаларга эришди. Жумладан, “Сифатли таълим” мақсади бўйича 400-600 ўринлар, “Гендер тенглиги” бўйича 200-300 ўринлар, “Барқарор ва яшил энергия” йўналишида 300-400 ўринлар ҳамда “Соғлиқ ва фаровонлик” мақсади бўйича 301-400 ўринлар оралиғида қайд этилди.
– Бу кўрсаткичлар университетимизда таълим сифати, инклюзив муҳит, экологик масъулият ва ижтимоий фаровонликка қаратилган ишлар тизимли равишда йўлга қўйилганини намоён этади, – дейди олийгоҳ ректори Муҳиддин Калонов. – Шубҳасиз, мазкур ютуқ университет профессор-ўқитувчилари, илмий ходимлари, талабалари ва бутун жамоасининг фидокорона меҳнати самараси бўлиб, мамлакатимизда олий таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг тўғри йўналишда эканини яна бир бор тасдиқлайди. Навоий давлат университетининг халқаро рейтинглардаги бу каби муваффақиятлари Янги Ўзбекистоннинг илм-фан ва таълим соҳасидаги нуфузини янада юксалтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Бугунги кунда университетда замонавий таълим технологияларини жорий этиш, халқаро ҳамкорлик лойиҳаларини кенгайтириш, талабаларнинг инновацион ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлаш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Бу эса таълим муассасасининг халқаро майдондаги рақобатбардошлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА