Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Тошкент вилоятида кузги ғалла майдонлари ва боғларни қиш мавсумига тайёрлаш, экинларни агродронлар ёрдамида озиқлантириш масалаларига бағишланган дала семинари ташкил этилди.
Унда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Агроинспекция, вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, “Drone Service” жамоаси, олимлар ҳамда 300 нафардан ортиқ фермер ва кластер вакиллари иштирок этди. Жараёнда фермерларга кузги ғалла экинларини бор кислотаси, аспирин ва кремний билан озиқлантириш, шунингдек, агродронлардан самарали фойдаланиш бўйича амалий тавсиялар берилди.

Таъкидланганидек, мазкур моддалар ўсимликларнинг ноқулай об-ҳаво шароитларига чидамлилигини ошириш, қиш мавсумини соғлом ўтказиш ва келгуси йилда мўл ҳосил етиштириш учун замин яратади.
Агродронлар эса озиқлантирувчи моддаларни майдон бўйлаб бир текис ва белгиланган меъёрда сепиш, оғир техникалар таъсирида экинларнинг шикастланиши ҳамда тупроқ зичлашишининг олдини олиш имконини беради. Мутахассислар фикрича, ушбу технологиялар ва агротехник тадбирларни тўғри қўллаш ҳосилдорликни 15-20 фоизга оширишга хизмат қилади.
***
Янгийўл шаҳрида “Сен истеъдодлисан” республика хайрия танловининг Тошкент вилояти босқичи “Мен ҳам шу Ватаннинг бунёдкориман” шиори остида ўтказилди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг тегишли буйруғи асосида ташкил этилган танловда инклюзив таълим синфларида ҳамда уйда якка тартибда таълим олаётган ўқувчилар иштирок этди. Унда қатнашиш учун жами 864 нафар ўқувчи рўйхатдан ўтган бўлса, уларнинг 62 нафари вилоят босқичида ўз иқтидорини намойиш этди. Иштирокчилар эстрада-вокал (анъанавий ижрочилик) ҳамда тасвирий санъат йўналишларида беллашди.
Ёш истеъдодлар саҳнага чиқиб, қўшиқ куйлади, ўз тасаввур ва ижодий қобилиятини ранглар орқали ифодалади. Тадбирда хонанда Достон Эргашев ҳам иштирок этиб, ёш ижодкорларга кўтаринки кайфият улашди.
Тадбир якунида вилоят босқичининг барча иштирокчилари диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
***
Президентимизнинг суюлтирилган газ таъминоти тизимини ислоҳ қилиш ва соҳага бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этишга қаратилган қарори ижроси доирасида ташкил этилган “LPG-Trade” МЧЖ фаолияти ҳудудларда изчил йўлга қўйилмоқда.

Хусусан, Тошкент вилояти ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти ҳамда “LPG-Trade” МЧЖ вилоят ҳудудий филиали масъуллари иштирокида Қуйи Чирчиқ туманидаги “Қуйичирчиқ” газ тўлдириш шохобчасида иш жараёнлари ва мавжуд шароитлар ўрганилди. Унда газ тўлдириш объектлари қўриқланишини кучайтириш, моддий бойликларнинг талон-торож қилинишига йўл қўймаслик ва бу борада қатъий назорат ўрнатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, маиший газ баллонларини истеъмолчиларга ўз вақтида етказиб бериш, таъминотдаги узилишларнинг олдини олиш ҳамда аҳоли мурожаатларини тезкор ҳал этиш юзасидан устувор вазифалар белгилаб олинди.
А.Мусаев, ЎзА