Ғолиблар эътирофи – янги марралар сари рағбат
Тошкент вилоятида Президент олимпиадасида фахрли ўринларни эгаллаган ёш спортчиларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Унда мусобақаларда юқори натижаларни қайд этган 125 нафар спортчига пул мукофотлари топширилди.
Мазкур спорт мусобақаси доирасида қарийб 700 миллион сўмга яқин маблағ Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги томонидан ажратилган бўлиб, мукофотлар спортчиларнинг эгаллаган ўринларига мувофиқ белгиланди. Жумладан, биринчи ўрин соҳибларига 10 миллион, иккинчи ўрин эгаларига 5 миллион, учинчи ўрин соҳибларига эса 3 миллион сўмдан пул мукофотлари берилди.

Бундай рағбатлантириш ёш спортчиларнинг меҳнати ва эришган натижаларини эътироф этиш билан бирга, уларни келгусида янада юқори марраларни забт этишга ундаши билан аҳамиятлидир.
Мазкур эътибор ёшларни спортга кенг жалб қилиш, иқтидорли спортчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда вилоятда спортни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
А.Мусаев, ЎзА