Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев раҳбарлигида Нурафшон шаҳрида фуқаролар мурожаатларини ўрганишга бағишланган сайёр қабул ташкил этилди.
Унда вилоят бошқарма ва ташкилотлари раҳбарлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, туман ва шаҳар ҳокимликлари мутасаддилари ҳамда 200 нафарга яқин фуқаролар юзма-юз ва онлайн платформа орқали масофадан қатнашди. Салкам тўрт соат давом этган очиқ мулоқот жараёнида фуқароларнинг бандлик, уй-жой, коммунал хизматлар, соғлиқни сақлаш ва бошқа ижтимоий масалалар юзасидан мурожаатлари кўриб чиқилди.

Қабул давомида қатор мурожаатлар жойида ҳал этилиб, айрим масалалар бўйича фуқароларга ҳуқуқий тушунтириш ва амалий тавсиялар берилди. Қўшимча ўрганиш талаб этиладиган масалалар юзасидан эса мутасадди раҳбарларга аниқ муддат ва вазифалар қўйилди.
***
“Солиқни тўла – келажакка ҳисса қўш” шиори остида Cyber University давлат олийгоҳида Тошкент вилояти солиқ бошқармаси томонидан ёшлар билан очиқ мулоқот ва учрашув ташкил этилди.

Унда Тошкент вилояти солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Р.Турсунбоев ёшлар билан замонавий солиқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект технологиялари ва давлат хизматининг келажаги ҳақида атрофлича фикр алмашди. Шунингдек, бугунги кунда солиқ соҳасида фаолият юритаётган ходимлардан нафақат юқори билим ва малака, балки замонавий IТ кўникмалари, таҳлилий фикрлаш ва тадбиркорлар билан самарали мулоқот олиб бориш қобилияти талаб этилаётгани таъкидланди.

Тадбирда сўз олганлар томонидан, солиқ тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни давом эттиришда янгича фикрлайдиган, ташаббускор ва билимли ёшларнинг ўрни беқиёс экани алоҳида қайд этилди. Интерактив мулоқот жараёнида талабалар томонидан касбий танлов, ҳалоллик, давлат хизматидаги имкониятлар ҳамда сунъий интеллектнинг келажакдаги ўрни ҳақида қизиқарли фикр ва саволлар билдирилди.
***
Бекобод туманида 2026 йил ғалла ўрим-йиғим мавсумига тайёргарлик ишлари кўздан кечирилди. Жорий йил 9 ой мобайнида машаққат ва катта меҳнат эвазига етиштирилган ғалла ҳосилини ўриб-йиғиб олиш мавсуми яқинлашмоқда. Шу боис қишлоқ хўжалигида энг муҳим босқичлардан бири бўлган ушбу жараённи уюшқоқлик билан ташкил этиш масаласи алоҳида эътиборга олинди.


Семинар давомида мавсумни қисқа муддатларда ва сифатли якунлаш, ҳосилни беҳуда йўқотишларнинг олдини олиш ҳамда иш жараёнини самарали мувофиқлаштириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди. Шунингдек, ғалла ўримига жалб этиладиган техникалар тайёргарлиги, отрядлар фаолияти ҳамда уларнинг моддий-техник таъминоти, озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланганлик ҳолати ҳам атрофлича ўрганилди.
А. Мусаев, ЎзА.