Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича амалий мулоқот
Тошкент вилоятида туман ҳокимлари иштирокида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларига бағишланган ўқув-амалий семинар бўлиб ўтмоқда.
Асосий мақсад — соҳада қабул қилинаётган янги қонунчилик ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини кенг тушунтириш, уларни ҳудудларда самарали жорий этиш механизмлари бўйича маҳаллий ижро органлари масъулларининг билим ва амалий кўникмаларини оширишдан иборат.

Семинар доирасида иштирокчилар озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, агросуғурта тизимини такомиллаштириш, аграр соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги механизмлари, пахта ва буғдой етиштирувчилар учун субсидия ва компенсациялар, ер муносабатлари ва электрон онлайн-аукцион тизими, қишлоқ хўжалигида солиқ имтиёзлари, иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш бўйича қабул қилинган янги ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан муҳим билимларга эга бўлмоқда.
Ўқув машғулотларини Бошқарув самарадорлиги агентлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Солиқ қўмитаси, Кадастр агентлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳамда бошқа мутасадди идоралар масъуллари олиб бормоқда.

Шунингдек, мулоқотлар давомида ҳудудларда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалигида бозор механизмларини кенг жорий этиш, инвестицияларни жалб қилиш ҳамда фермер ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган амалий механизмлар муҳокама қилинмоқда.
Шунингдек, иштирокчилар ўртасида савол-жавоблар ва очиқ мулоқотлар ташкил этилиб, соҳада учраётган муаммолар ҳамда уларнинг ечимлари юзасидан таклифлар ишлаб чиқилмоқда.
А. Мусаев, ЎзА.